Жорж Буш Зеленскийни Черчилл билан қиёслади
Олам
−
06 Май 2022
11045АҚШнинг собиқ Президенти кичик Жорж Буш Украина Президенти Владимир Зеленскийни “замонамизнинг Уинстон Черчилли” деб атади. Бу ҳақда Буш Зеленский билан суҳбатдан кейин Instagram’да ёзиб қолдирган.
“Бугун эрталаб мен Президент Зеленский — замонамизнинг Уинстон Черчилли билан бир неча дақиқа суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдим. Президентга раҳбарлиги, намунаси ва озодлик йўлидаги фидойилиги учун миннатдорлик билдирдим ва Украина халқининг жасоратини олқишладим. Президент Зеленский улар Путиннинг ваҳшийлиги ва бандитизмига қарши курашда гандираклаб қолмаслигига мени ишонтирди. Биз ўз эркинлигини ҳимоя қилаётган украиналикларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, деб ёзган Буш.
Ўз навбатида, Зеленский “америкаликлар очиқ одамлар” эканини, украиналиклар ва америкаликлар умумий қадриятларга эга эканини айтган.
Шунингдек, Зеленский Бушни ўзи учун қулай вақтда Украинага ташриф буюришга таклиф қилган.
Маълумот учун, Уинстон Черчилл Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири. У 1940-1945 ва 1951-1955 йилларда ушбу лавозимда фаолият юритган. Уинстон Черчилл ХХ асрнинг энг буюк ва энг зиддиятли сиёсий арбобларидан биридир. Унинг фаолияти Буюк Британия учун ҳам, бутун жаҳон сиёсати учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлган, аммо замонавий жамиятда бу ноаниқ баҳоланади: баъзилар сиёсатчининг шахсий жасорати ва ҳаракатларига қойил қолса, бошқалар дунёда фақат оқ ирқ ҳукмронлик қилиши керак деган позицияси туфайли ундан нафратланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь