Жорий ҳафтада жазирама ҳарорат бироз чекина бошлайди
Бу қизиқ
−
19 Июнь 2023
8945Жорий ҳафта давомида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати бироз пасая бошлайди. Бу ҳақда Республика Гидрометеорология маркази хабар берди.
Кавказ ҳудудларидан нисбатан бироз салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига эртага, 20 июнь кунидан иссиқ бироз пасаяди. Ҳаво ҳарорати иш ҳафтасининг охиригача 33-38 даража иссиқ атрофида бўлади. Республиканинг энг чекка жанубида иссиқ ҳаво массасининг таъсири сақланиб туради. Ҳарорат асосан 39-41 даража, Сурхондарё вилоятида ҳафта ўртасига келиб, баъзи жойларда 42-44 даража иссиқгача бўлади.
20 июнда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳафтанинг биринчи ярмида об-ҳавонинг беқарорлиги республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сақланиб туради – баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар ёғади. Бугун куннинг иккинчи ярмида ва эртага баъзи жойларда ёмғир кучли ёғади, дўл ёғиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бугун ва эртага республика бўйича баъзи жойларда, 23 июнда жанубда ва чўл ҳудудларда шамолнинг кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Пойтахт Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталаб 20 июнда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади, фақат бугун, 19 июнь куннинг иккинчи ярмида шамол тезлиги 12-17 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 19 июнда 38-40 даража, кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача 35-37 даража иссиқгача бўлади.