Жонсон Киевда. Британия, Польша ва Украина “катта”лари Россияга қарши машварат қилади
Олам
−
01 Февраль 2022
7170Сўнгги кунларда жаҳон медиасида кескин муҳокама қилинаётган Россия ва Украинда ўртасидаги зиддият йирик давлат раҳбарларининг мунозара мавзусига айланди. Бугун, 1 февраль куни Украинанинг Ғарбдаги асосий иттифоқчиси ҳисобланган Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Президент Зеленский билан учрашиш учун Киевга етиб келди.
Украинага уюштирилган сафар олдидан, Жонсон Буюк Британия Украинанинг ёнида туришда собит эканини таъкидлади.
“Биз Россияни ортга чекиниш ва қон тўкилишини олдини олиш учун муаммога дипломатик ечим топишга чорлаймиз. Украинанинг дўсти ва демократик иттифоқчиси сифатида Бирлашган Қироллик унга зарар етказишга бел боғлаган ҳар қандай душманга қарши Украинанинг ёнида туради”, дея билдирган Жонсон ўз Twitter’ида.
Бундан ташқари, Украинанинг Европадаги яна бир иттифоқчиси ҳисобланган Польша ҳам Киевнинг тарафини олиб келмоқда.
Жонсондан ташқари, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкийнинг ҳам Украинга ташрифи кутилмоқда.
Польша Бош вазирнинг билдиришича, Варшава Киевга ўз мудофаасини мустаҳкамлаши учун қурол-яроқ, учувчисиз дронлар ва қирувчи самолётларга ҳаво зарбаси берувчи ҳарбий техникалар тўпламини етказиб беради.
Бошқа томондан эса бугун Россия Президенти Владимир Путин Москвада Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашган.
Бундан ташқари, Россия-Украина муаммосини муҳокама қилиш учун Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали суҳбатлашиб, АҚШ-Россия ўртасидаги музокаларнинг янги босқичини бошлаб бериши белгиланган.
Сўнгги ойларда Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашган. Вашингтон ва Брюссель Москвани Украинага “босқин” тайёрлаётганликда айбламоқда ва шу фонда Шарқий Европада ўз иштирокини кучайтирмоқда. АҚШ Россия ҳужумга ўтган тақдирда унга санкциялар жорий қилишини айтиб келаётганди.
Россияда барча даъволар рад этилмоқда. Кремль ва Ташқи ишлар вазирлиги “тажовузкорлик” ҳикояларининг мақсади Россия чегаралари яқинида хорижий гуруҳ яратиш эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Улар, шунингдек, кескинлашувнинг асосий сабаби қилиб Украинани қурол-яроғ билан таъминлаётган ва шу орқали уни ҳарбий саргузаштлар сари ундаётган АҚШ ва НАТО ҳаракатларини кўрсатмоқда.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси