Жонли девор, энг кучли жанговар техника. Президент Тўқаев қандай қўриқланяпти?
Олам
−
07 Январь 2022
35308Такрор ва такрор айтишга ҳожат бўлмаса ҳам эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда Янги йилнинг биринчи кунлари суюлтирилган газ нархининг ошиши ортидан бошланган намойишлар кун сайин авж олмоқда. Бутун республикада 19 янаваргача фавқулодда ҳолат эълон қилинди, шунингдек комендантлик соати амалда. Фуқаролар соат 23:00 дан 7:00 гача ташқарига чиқиши мумкин эмас.
Хабарингиз бор, кеча, 6 январь куни мамлакатга Коллектив хавфсизлик шартномаси кучлари кира бошлади. Қозоғистоннинг барча ҳудудларида аксилтеррор операцияси режими ўрнатилди ва террорчилик таҳдидининг критик – қизил даражаси жорий қилинди.
Айни вазиятда эса ҳозирча мамлакатнинг амалдаги ва собиқ расмийларидан фақат Президент Тўқаев кўриниш бериб турибди. ОАВда ҳам унинг халқаро мулоқотлари ва халққа мурожаати ҳақидаги хабарларни ўқиб боряпмиз.
Элбоши Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари қаердалиги, қандай қўриқланаётгани, мамлакатда рўй бераётган ҳодисаларга қандай муносабатда экани ҳақида маълумотлар йўқ. Унинг собиқ саройига ўт қўйилди, ҳайкаллари қўпорилди. Элбоши Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ҳам вориси Тўқаевга топширди.
Шунингдек, 5 январь куни истеъфо берган Асқар Мамин ҳам қаердалиги ҳақида маълумотлар очиқланмаяпти.
Президент Тўқаевнинг хавфсизлиги эса шубҳасиз ҳар қачонгидан кучайтирилган. Ижтимоий тармоқларда эса 5 январь куни оловланган вазиятдан кейин Нур-Султонда Президент Тўқаевнинг Оқўрда саройи атрофи аскарлар, ҳарбий техникалар билан ўраб олингани, бир неча қаватлик жонли қўрғон ташкил қилингани тасвирланган суратлар тарқалди.
Унда сарой атрофи атрофи автобуслар, як машиналари ва зирҳланган-жанвогар транспорт воситалари билан ўралганини ҳам кўриш мумкин.
Катта эҳтимол Президент ва маъмуриятнинг асосий ходимлари резиденциядан чиқмай фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, телетрансляциялар ҳам айнан резиденциядан олиб борилмоқда.
Тўқаев 5 январь кунининг ўзидаёқ намойишларга қарши ҳаракатларни биринчи бўлиб хавфсизлик борасидаги ташкилотларга янги раҳбарлар тайинлашдан бошлади.
Президент ўз маъмуриятининг собиқ ўринбосари Мурат Нуртлеуни республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади.
Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари бўлиб ишлаб келаётган Ермек Сагимбаев эгаллади.
Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари — Президент хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимларида ишлаган Сакен Исабеков эса Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинланди.
LiveБарчаси