ЖОКУда талабани дўппослаганлардан бири “учди”. Иккисининг тақдири ректорнинг қўлида қолмоқда

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 4-босқич талабаси ректорга салом бермагани важи билан муассаса ходимлари (икки нафар) томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат бўйича университет Одоб-ахлоқ комиссияси баёнот бериб, талабани дўппослаган ходим лавозимидан озод этилганини билдирди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Одоб-ахлоқ комиссиясининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бугун, 10 сентябрь куни бўлиб ўтган.  

“Мазкур йиғилишда жорий йилнинг 9 сентябрь куни университет талабаси Ж.Маҳмудов ҳамда университет ходимлари У.Рустамов, Х.Мирзаев, Ф.Очиловлар ўртасида бўлиб ўтган келишмовчилик ҳолати кўриб чиқилди. Ўрганишга кўра, университет ходими Х.Мирзаев талаба билан ўзаро қўпол муомала сабабли шахсий тортишувга борганлиги маълум бўлди. Вазият университет профилактика нозири Ҳ.Содиқов томонидан ўрганиб чиқилган ва шу куннинг ўзида томонлар ярашуви қарори қабул қилиниб, масалага ечим берилганлиги аниқланди. 

Бироқ, ярашув қарори қабул қилинганига қарамай, университет ички меҳнат тартиби қоидалари бузилганлиги юзасидан чора кўрилиши лозим деб топилди. 

Меҳнат кодексининг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораси, яъни ўз ваколати доирасидан ташқарига чиққанлиги сабабли Х.Мирзаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди”, дейилади баёнотда. 

Таъкидланишича, муштлашувнинг бошқа иштирокчилари – ходимлар У.Рустамов ва Ф.Очиловга нисбатан ҳайфсан интизомий чорасини қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган. Шунингдек, университет раҳбариятига ўз вақтида хабар бермаганлиги сабабали профилактика нозири капитан Ҳ.Содиқовга нисбатан тегишли чора кўрилиши бўйича туман ички ишлар органига тавсия юборилган. 

“Шуни яна бир бора таъкидлаймизки, университет маъмурияти устоз-шогирд анъаналари, талабалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жамоада ўзаро ҳурмат каби қадриятларга қатъий риоя қилади”, дейилади расмий маълумотда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

638

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг