Жо Байден саратон касаллиги сабабли операция қилинди
Олам
−
05 Сентябрь 4211 2 дақиқа
АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден яқинда саратон ҳужайраларини олиб ташлаш учун операция қилинди. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Қўшма Штатлар собиқ раҳбарининг расмий вакилига таяниб, NBC News телеканали хабар берди.
Таъкидланишича, операция тери саратонига қарши курашишда жуда самарали ҳисобланган "Мооса" усули ёрдамида амалга оширилган. Байден операциядан сўнг муваффақиятли тузалмоқда.
“Ушбу муолажа қачон амалга оширилгани аниқ эмас, лекин август ойи охиридаги видеолардан бирида унинг (Жо Байден) Делавэрдаги черковдан чиқиб кетаётгани ва бошида янги чандиқ борлиги кўринган”, деб хабар берди “Sky News”.
2023 йилда АҚШ президенти лавозимида ишлаганида Байден аллақачон тери саратонини олиб ташлашдан ўтган эди. Ўша пайтда унинг даволовчи шифокори Кэвин О'Коннор айтганидек, операция кўкрак қафасида амалга оширилган, терининг барча зарарланган қатламлари олиб ташланган ва ўша пайтда Байден бошқа даволанишга муҳтож эмас эди.
Ўша йили Жилл Байденнинг ҳам саратон тери ҳужайралари олиб ташланган. Операциялар кўз устидаги ва кўкрак қафасидаги соҳада амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойи ўрталарида Жо Байденга простата саратони ташхиси қўйилгани маълум бўлганди. 82 ёшли сиёсатчига ташхис 16 май куни қўйилган. Шифокорлар уни сийдик чиқаришдаги муаммолар шикояти туфайли кўрикдан ўтказиб, простата безида “кичик тугун” борлигини аниқлаган. Шифокорлар саратон агрессив шаклга эга бўлиб, суякларга метастаз берганлигини аниқлади.
Live
Барчаси