ЖКнинг янги Президенти лавозимга киришди. У Шимолий Корея билан мулоқоти қандай бўлишини айтди
Олам
−
10 Май 2022
8326Жанубий Кореянинг янги сайланган Президенти Юн Сок Ёль бугун, 10 май куни расман ўз лавозимига киришди. Президент Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси олдидаги майдонда 40 мингдан ортиқ киши, жумладан, хорижлик делегатлар иштирокида қасамёд қабул қилди.
Маросимда сўзга чиққан 61 ёшли Президент Шимолий Корея билан мулоқот ва бозор иқтисодиёти мавзусига тўхталди.
“Бизнинг авлодларимиз олдидаги бурчимиз – либерал демократия тамойиллари ва фаровон бозор иқтисодиёти таъминланган мамлакатни барпо этишдир”, дейди Юн Сок Ёль инаугурация чоғида.
Давлат раҳбари “эркинлик ва барқарор тинчлик қадри”га ҳам тўхталган.
Унинг қайд этишича, янги ҳукумат Шимолий Кореядан келаётган таҳдидларни тинч йўл ва мулоқот орқали бартараф этишга интилади ва таҳдидга қарамай мулоқотни давом эттиради.
“Шимолий Кореянинг ядровий қурол дастурлари нафақат бизга, балки Шимолий-Шарқий Осиё хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. Шунга қарамай, бу таҳдидни тинч йўл билан бартараф этиш учун мулоқот ойнаси очиқ қолади”, дейди у.
Маросимда АҚШ вице-президенти Камала Харриснинг турмуш ўртоғи Даг Эмхофф, Хитой вице-президенти Ван Цишань, Япония Ташқи ишлар вазири Хаяси Ёсимаса ва Япониянинг собиқ бош вазири Хатояма Юкио иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, Корея Республикасида жорий йилнинг 9 март куни президентлик сайлови ўтказилди. Унда “Фуқаролик кучи” етакчи мухолифат партияси номзоди Юн Сок Ёль ғалаба қозонди.
Овозларнинг 98 фоизи ҳисоблаб чиқилган, бироқ Ёлнинг асосий рақиби, ҳукмрон демократик “Тобуро” партияси номзоди Ли Чжэ Мён мағлубиятини тан олган.
Жанубий Корея Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 48,5 фоизи Ёлга, 47,8 фоизи Мёнга овоз берган.
Юн Сок Ёль 2027 йилгача давлат раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида ишлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь