Жиззахда қулаб тушган бинони чорвадор фермер қураётган бўлган
Жамият
−
12 Январь 2021
15695Аввалроқ Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 12 январь куни, кунинг иккинчи яримида ушбу комиссия Жиззах шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказди.
Иншоот ижтимоий тармоқлардаги хабарларда “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ томонидан қурилаётгани айтилган. Аммо қулаган иншоот эгаси номи “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ эмас, “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги экан.
Ушбу фермер хўжалиги Фориш туман ҳокимининг 2017 йил 28 июлдаги қарори билан “Дарвоза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида лалми ерда қоракўл қўйчиликка ихтисослаштириб ташкил этилган.
Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасида жойлашган бино иншоот ва эгаллаган ер майдони билан “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги мулки сифатида 2019 йил 22 апрелда 18365-сон реестр билан давлат кадастр рўйхатидан ўтказилган.
Фермер хўжалиги Жиззах шаҳрида савдо фаолияти билан шуғулланиб келган. Жиззах шаҳар ҳокимининг 2019 йил 17 сентябрдаги қарори билан “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасида жойлашган бинони бузиб, ўрнида биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, юқори қаватлари турар жой биноси сифатида қайта қуришга рухсат берилган. Жиззах вилояти қурилиш бош бошқармаси архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ I-II) ҳужжатлари ишлаб чиқилган.
“Discovery architects group” МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, “Шаҳарсозлик экспертизаси” давлат унитар корхонаси Жиззах вилояти филиалининг хулосаси олинган ва вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилган ҳамда рухсатнома олинган.
Қурилишни лойиҳаси, рухсатнома олишда барча техник ҳужжатлар қанчалик тўғри эканлиги, ҳалокатга лойиҳалаштиришдаги камчиликлар сабаб бўлганми йўқлиги ҳозирча номаълум. Бу комиссия томонидан ўрганилмоқда.
Ҳозирча аниқ бўлгани шуки, қурилишнинг бюртмачиси ҳам, пудратчиси унинг эгаси яъни – “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалигининг ўзи бўлган. Кўп қаватли уйларни қуришда тажрибаси йўқ, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги бу ишни қандай уддалагани эса кеча маълум бўлди.
LiveБарчаси