Жиззахда эркак дўстини ёввойи тўнғиз билан адаштириб отиб қўйди

3-саҳифа

image

2025 йилнинг 5 октябрь куни Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида 32 ёшли эркак ов милтиғи билан ўзи билан бирга ов қилиш учун чиққан дўстини отиб қўйди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатда келтирилишича, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан бўлган судланувчи Ғ.А. 5 октябрь куни танишлари О.М. , Ғ.Т. ва Т.Ғ. лар билан ов қилиш мақсадида Мирзачўл тумани, “Гулзор” МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги майдонига борган.

Шу куни улар соат тахминан 22:30 ларда ёввойи чўчқани ов қуроли ёрдамида отиб, ушламоқчи бўлган. Бироқ Ғ.А. қамишлар орасида ўтирган вақтида қамишлар орасидан чиқиб келаётган О.М. ни ёввойи чўчқа деб ўйлаб, шошма-шошарлик билан эҳтиётсизлик оқибатида ўзига тегишли бўлган ов қуроли билан отиб қўйган. Ҳодиса ортидан О.М. нинг бош мия орқа қисми чап томони жароҳатланган ва у Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмасида шифокорлар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай вафот этган.

2025 йил 5 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Унда судланувчи кўрсатма бериб, айбига тўлиқ иқрор бўлган. Эркакнинг айтишича, у 2 йилдан бери қонуний равишда ов билан шуғулланиб келади. Воқеа содир бўлган куни улар дўстлари билан Мирзачўл туманига дам олиш учун борган ва кундуз куни балиқ овлаш билан шуғулланган. Кечга томон улар ёввойи чўчқанинг изини кўриб қолган ва дўстлари билан уни овлашга келишиб олган. Шу тариқа улар келишиб, 100-200 метр масофада ўз жойларини эгаллаган. Соат 22:30 лар атрофида Ғ.А. га яқин жойда шарпа кўринган ва у шарпани тўнғиз деб ўйлаб, отиб қўйган. Судда Ғ.А. марҳум О.М. билан 1 йилда буён таниш эканини ва у билан ўртасида ҳеч қандай адоват йўқлигини айтиб, енгиллик сўраган.

Шунингдек, суд мажлисида марҳумнинг отаси ҳам кўрсатма бериб, Ғ.А. билан ўғли О.М. ўртасида ҳеч қандай келишмовчиликлар бўлмаганини айтган ва суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Судланувчи А.Ғ. Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга шу модда билан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланиб, 1 йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятинринг Янгиариқ туманида 71 ёшли ота 51 яшар ўғлини ов милтиғи билан отиб ўлдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

қурол Жиззах ов Мирзачўл ов милтиғи ёввойи тўнғиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг