Жирканч жиноят: Эркак ҳамтовоқларини ҳушсиз аёлларни зўрлашга ундагани аниқланди
Олам
−
12:29 2396 4 дақиқа
Шимолий Лондонда яшовчи 52 ёшли эркак онлайн форум аъзоларини гиёҳванд итеъмол қилган ёки ухлаётган аёлларга жинсий тажовуз қилишга ундагани билан боғлиқ айбловлар бўйича ўз айбини тан олди. Бу ҳақда Лондон полициясига таяниб, CNN нашри хабар берди.
Полиция мазкур онлайн форумни 2025 йил октябрь ойида аниқлаган ва ишни тергов қилиш учун Британия Миллий жиноятчилик агентлиги (NCA) раҳбарлигида миллий мувофиқлаштирувчи гуруҳ ташкил этилган. Тергов натижасида полиция Энфилд ҳудудида яшовчи 52 ёшли Даррен Конвейга чиққан. У ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан онлайн гуруҳ аъзоларидан бири сифатида аниқланган.
Жорий йилнинг 30 июль куни полиция Конвейнинг уйида тинтув ўтказиб, унинг электрон қурилмаларини мусодара қилган ва эркакни ҳибсга олганди.
Полициянинг маълум қилишича, қурилмалардаги хабарлар Конвей форумнинг бошқа аъзоларини гиёҳванд истеъмол қилган ёки ухлаётган аёлларга жинсий тажовуз қилишга ундаганини кўрсатган. Кейинчалик у тажовузларни амалга оширган шахсларни бу жараён акс этган тасвирларни гуруҳда бўлишишга чақирган. Полиция маълумотига кўра, Конвей чат орқали ухлаётган аёлларни 10 мартадан кўпроқ кузатган.
Қайд этилишича, Лондон полицияси қўмондони Энди Дэй Конвейнинг ҳаракатларини “даҳшатли” деб атаган. Унинг айтишича, эркак ҳушсиз, ухлаётган ёки бошқа сабабларга кўра ўзини ҳимоя қила олмайдиган жабрдийдаларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этишга бошқаларни ундаган ва шу орқали аёлларни ўз уйларида жиддий хавф остига қўйган.
Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Конвей Лондоннинг Вуд-Грин Краун судида ҳозир бўлиб, жиноят содир этишга ёрдам бериш ёки ундаш бўйича 9 та айблов, шунингдек, махфий кузатув ва ўта шафқатсиз порнографик тасвир сақлаш билан боғлиқ айбловлар бўйича ўз айбини тан олган. Судда Конвей кулранг спорт кийимида бўлган ва фақат исмини тасдиқлаш ҳамда айбловларга иқрор бўлиш учун гапирган. Унинг иши 30 октябрь куни судда яна кўрилиши керак.
“Аёлларга нисбатан жирканч ҳаракатлар”
Нашнинг ёзишича, Конвей иши жинсий тажовуз содир этувчи бошқаларни ҳушсиз жабрдийдаларни гиёҳванд истеъмол қилиш ва уларга жинсий тажовуз қилишга ундайдиган онлайн форумлар кенгайиб бораётганини кўрсатувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади. Европол ва Британиянинг NCA агентлиги 2026 йил июль ойида ўтказилган халқаро полиция амалиёти давомида жиноятчилардан иборат юқори даражада ташкиллашган онлайн тармоқ аниқланганини маълум қилган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, чатларда асосан эркаклардан иборат жиноятчилар ҳужумларни мувофиқлаштирган, шунингдек, жинсий зўравонлик ҳақида маълумот ва тасвирларни бўлишган.
Жинсий зўравонликдан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи Rape Crisis England & Wales ташкилоти раҳбари Сиара Бергман форумларда гиёҳванд моддалардан фойдаланиб амалга оширилган жинсий зўравонликнинг кўлами ва мувофиқлаштирилгани “жиддий даражада хавотирли” эканини айтган. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг асосида ётган мисогиния ва уларни объект сифатида кўриш каби қарашлар билан боғлиқ.
CNN ҳам бу масала бўйича яширин тергов ўтказиб, эркаклар учинчи шахсларни аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этишга ундайдиган онлайн тармоқларни аниқлаган.
Аслида, бу муаммо 2024 йилда Франциядаги Жизель Пелико иши орқали кенг жамоатчилик эътиборига тушган. Пеликонинг собиқ эри хотини ҳушсиз ҳолда ётган пайтда уни зўрлаш учун ўнлаб бегона эркакларни жалб қилгани учун 20 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Шундан сўнг Европанинг турли мамлакатларида шунга ўхшаш ишлар бўйича бир қатор ҳибслар ва суд ҳукмлари қайд этилган.
NCA маълумотига кўра, кўп ҳолларда жабрдийдалар полиция улар билан боғланмагунча жинсий тажовузга учраганидан бехабар бўлади.
Маълум қилинишича, Конвей айбини тан олганидан кейин полиция унинг мусодара қилинган қурилмаларидан топилган тасвирлардаги шахсларни аниқлаш ишларини давом эттирмоқда. Лондон полицияси жабрдийдаларнинг кўпчилиги Британияда яшашини, айримлари эса хорижда бўлиши мумкинлигини билдирган. Иш бўйича Бош прокурор Трейси Истон Конвей аёлларга ўз уйларида уларга нисбатан “жирканч ҳаракатлар” содир этганини айтган.
“Ташкиллаштирилган, гиёҳванд моддалардан фойдаланилган жинсий тажовузлар жирканч ҳолатдир. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда жиноятчиларни адолат олдида жавобгарликка тортишга қатъий бел боғлаганмиз”, деган Истон.
У Конвейнинг айбини тан олиши шунга ўхшаш зўравонликка дучор бўлган бўлиши мумкин деб ҳисоблаган бошқа жабрдийдаларни ҳам полицияга мурожаат қилишга ундашини кераклигини билдирган.
Live
БарчасиИсроил дрони Ғазода автомобилга зарба берди
13 сентябр