Жиноятчининг кўзига қараб кечириш мумкинми ёхуд пушаймонлик қандай аниқланади?
Жамият
−
20 Апрель 2021
4569Ўзбекистонда содир этган жиноятидан пушаймон бўлаётган шахсларнинг самимийлигини аниқлаш бўйича аниқ критериялар белгиланмаган. Психолог Шоира Исоқовага кўра, жиноят содир этган шахснинг афсусда эканини билишда судья унинг ўзини тутиши, хусусан кўзларига эътибор беради. Бу ҳақда мутахассис кеча, 19 апрель куни Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида ўтказилган “Судья дахлсизлиги ва сўз эркинлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги семинар-тренингда айтиб ўтди.
Тренингда “QALAMPIR.UZ” таҳририяти юрисконсульти психолог Шоира Исоқовага қуйидаги савол билан юзланди: “Жиноят кодексининг 55-моддасида жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар келтирилган бўлиб, ушбу модданинг тегишли бандида жиноят содир этган шахснинг содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги ҳолати келтирилган. Ушбу ҳолатни яъни жиноят содир этган шахс ўзининг содир этган қилмишидан ҳақиқатан ҳам чин кўнгилдан пушаймон эканлиги фақат судья ва шахс ўртасидаги мулоқот натижасида аниқланади. Шунинг учун судьялар шахснинг пушаймонлик ҳолатини аниқлашда қандай психологик критерияларга амал қилишлари керак?”
Психолог Шоира Исоқова саволга жавоб бераркан айбдорнинг пушаймонлигини аниқлашда унинг кўзларига эътибор бериш кераклигини, самимийликни новербал мулоқотдан билиш мумкинлигини таъкидлади.
“Агар шахс ҳақиқатан ҳам содир этган қилмишидан пушаймон бўлса, у сизнинг кўзингизга тик қараб гапира олади, агар ёлғон пушаймонлик бўладиган бўлса, шахс сизнинг кўзингизга қарай олмайди ва кўзини олиб қочади. Агар шундай ҳолатни кузатсангиз, демак шахс содир этган қилмишидан пушаймон эмас. Чунки инсоннинг кўзи гапиради, кўз бошқа нарсани онг эса бошқа нарса ҳақида ўйлайди. Шахснинг ёлғон гапираётганлигини аниқлашда психологик категориялар мавжуд бўлиб, бу новербал мулоқотда яъни кўз қарашларида намоён бўлади”, дея жавоб берди Исоқова.
Шунингдек, юқорида келтириб ўтилган савол юзасидан таҳририятимиз юрисконсульти Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоровга қуйидаги таклифни билдириб ўтди:
“Юқорида психолог Шоира Исоқова шахснинг ҳақиқатдан ҳам пушаймон эканлигини аниқлашда унинг кўз қарашларига эътибор бериш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шахснинг содир этган қилмишидан ҳақиқатдан ҳам пушаймон эканлигини аниқлашнинг самардорлигини ошириш мақсадида суд процессида доимий қатнашчи сифатида судья маслаҳатчиларининг бири профессионал психолог бўлиши керак. Шахснинг содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини аниқлашда психологнинг хулосаси муҳим аҳамиятга эга. Аксарият жиноят содир этган шахсларда тергов жараёнининг ўзидаёқ чин кўнгилдан пушаймонлик ҳисси пайдо бўлади. Шунинг учун суд процессида доимий қатнашчи сифатида психологнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Чунки шахсга нисбатан жазо тайинлашдан мақсад уни қайта тарбиялаш, келажакда жамиятнинг юриш-туриш қоидаларига риоя қилиши, қонунларга бўйсуниши, содир этган жиноятини қайта такрорламаслиги, содир этган қилмишидан пушаймонлик руҳини шакллантиришдан ибортдир”.
Шоҳруҳ Олимжонов
LiveБарчаси