ЖЧ финали чипталари рекорд даражада қимматлади
Спорт
−
10:14 4599 1 дақиқа
2026 йилги Жаҳон чемпионати финали учун чипталар турнир тарихидаги энг қиммат нархларда сотилмоқда. FIFA илк бор жорий этган динамик нархлаш тизими туфайли финал учрашуви учун чипта нархлари талабга қараб бир неча бор оширилди.
ESPN маълумотларига кўра, мусобақанинг дастлабки сотув босқичида финал учун энг қиммат 1-тоифа чиптаси 6 730 доллар этиб белгиланган. Кейинги босқичларда эса ушбу чиптанинг расмий нархи 10 990 долларгача кўтарилган.
Шу билан бирга, FIFA кейинчалик янада юқори тоифадаги “Front Category” ўринларини ҳам сотувга чиқарди. Уларнинг расмий нархи 32 970 долларгача етган.
“Reuters” таъкидлашича, 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг чипталарида биринчи марта динамик нархлаш амалиёти қўлланилмоқда. Бу тизим талаб ортиши билан чипта нархларини автоматик равишда ошириш имконини беради. Натижада турнирнинг плей-офф босқичи ва финали учун иккиламчи бозордаги нархлар расмий қийматдан бир неча баробар юқорига чиққан.
Сўнгги кунларда айрим ижтимоий тармоқлар ва сайтларда финал чипталари “10 мингдан 61 минг долларгача” деган маълумот тарқалди. Бироқ ҳозирча FIFA ёки ишончли халқаро нашрларда 61 минг долларлик расмий финал чиптаси ҳақида тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Бундай рақамлар, асосан, VIP пакетлари ёки иккиламчи бозордаги хусусий таклифлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Live
Барчаси