Жазавага тушаётган тарих. СССРни тиклаш хавфи борми?
Таҳлил
−
05 Февраль 2022
642891999 йил 31 декабрь, Москва. Кремль саройи зинапоясидан ўрта бўйли, озғин ва ёш собиқ КГБ ходими шахдам қадамлар билан юқорига чиқиб келарди. Унга ҳурмат кўрсатилиб, эшиклар бирма-бир очилди. Кремлдаги кекса сиёсатчилар “бу йигитча ким бўлди?” деб ҳайрон бўлишди. У тўғри давлат раҳбарининг кабинети томон кетаётган эди. Хонага яқин келганида, Россия Президенти Борис Ельцин кабинет эшигини очиб, унга йўл берди. Елциннинг йўлини кесиб, Президент идорасига кирган бу йигит ўн йиллаб бу кабинетда қолиб кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?! У Путин эди.
Бугун, орадан 23 йил ўтиб, Ғарб матбуоти ва сиёсий доиралари ёш разведкачидан кучли сиёсатчига айланган Владимир Путин Совет Иттифоқини тикламоқчи, деб бонг урмоқда. АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Виктория Нуланд Путиннинг оммавий чиқишларда ва суҳбатларда СССРнинг қулашини фожиага тенглаштираётгани, собиқ Иттифоқ таркибига кирган давлатлар учун ўзига хос сигнал эканини таъкидламоқда.
Ҳақиқатан ҳам Путин СССРни қайта тиклаши мумкинми? Буни қандай амалга оширади? Бугун шулар ҳақида гаплашамиз.
Россия СССР меросхўри
1991 йилнинг декабрь ойида дунё сиёсий харитасида катта ўзгариш юз берди. Бир вақтлар дунёнинг икки гегемон давлатидан бири бўлган Совет Иттифоқи дунё сиёсий харитасидан ўчирилди. Қизил империя ўрнида улкан Россия Федерацияси ва 14 та миллий республика қад ростлади. Ғарб дунёси ниҳоят СССР парчаланди, “совуқ уруш” тугади деб ўйлади. Бироқ Ленин ва Сталин ўгитларини олган, коммунистлар ёғини ялаган рус сиёсатчилари Совет империясини қайта оёққа турғазиш учун ҳаракат бошлади. Хусусан Россия Федерацияси биринчи Президенти Борис Ельцин СССР шарпасини яратиш тараддудига тушди. Ахир, эндигина мустақилликка оёқ қўйган “укалар”ни қаровсиз қолдириш, уларни йўқотиш билан тенг эди.
Тарихга назар ташласак, СССР иккита ташкилот “Ўзаро иқтисодий ёрдам кенгаши” ва “Варшава шартномаси” негизида мамлакатларни ўз атрофида бирлаштирган. “Ўзаро иқтисодий ёрдам кенгаши” – бу Албания, Болгария, Венгрия, Польша, Руминия, СССР ва Чехославакия давлатларини ўз ичига олган иқтисодий ташкилот ҳисобланган. “Варшава шартномаси” эса НАТОга қарши тузилган ҳарбий блок бўлиб, унга Албания, Болгария, Венгрия, Германия Демократик Республикаси, Руминия, СССР ва Чехославакия кирган. Россия ҳам худди шундай иккита ташкилот тузиш орқали, собиқ Республикаларни “жиловлаб” турувчи яхлит тизим яратди.
1991 йил Россиянинг ташаббускорлигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ташкил этилди. Бу ташкилотга бир вақтлар СССР қаноти остида бўлган саккизта республика, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам қўшилди. Шу орқали “Катта оға” “укалари”ни ўз атрофида жамлади.
Собиқ Иттифоқ Республикаларини сиёсий жиҳатдан атрофида тўплаган Россия, энди ташқаридан бўладиган тажовузларни бартараф этиш учун ҳарбий блок ташкил этди. 1992 йил 15 май куни Тошкентда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) деб номланган ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузилди. Унга Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Россия аъзо бўлди. 1993 йилда Озарбайжон, Грузия ва Беларусь ҳам қўшилди.
Борис Ельцин МДҲ ва КХШТни ташкил қилиб, ўзидан кейинги авлодга Совет Иттифоқини қайта тиклаш учун замин ҳозирлади, дейиш мумкин. Энди уларни ўзининг қаттиқ мушти, ақли ва айёрлиги билан бошқара оладиган кучли бир шахс керак эди.
СССРни тиклаш учун келган Путин
1999 йил 9 август куни Борис Елцин телевидениеда чиқиш қилиб, “мен Россияда ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлай оладиган одамнинг номини айтишга қарор қилдим. У буюк Россияни қайта оёққа турғазади”, деб собиқ КГБ (СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси) ходими Владимир Путинни таништирди.
1999 йил Путин иқтидорга келгач, Россия ўз атрофидаги собиқ мустамлакаларини иқтисодий томондан ўзига боғлаш ҳаракатига тушди. 2001 йилда Путин ўз амбицияларини амалга ошириш мақсадида Евроосиё Иқтисодий Ҳамжамияти (ЕврАзЭС)ни ташкил қилди. Россия Президенти бу билан “укалари” ўртасида умумий бозор қуришни кўзлади. 2001 йилда “Катта оға”нинг чорлови билан Арманистон, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Молдавия “ЕврАзЭС”га аъзо бўлди.
2006 йилда навбатдаги Ўзбекистон Президенти сайловига бир йил қолганда, расмий Тошкент ЕврАзЭС ташкилотига қўшилди. Бироқ икки йил ўтиб, 2008 йилда Москва-Тошкент муносбатларининг совуқлашганидан сўнг, Ўзбекистон бу ташкилотдан чиқиб кетди.
Путин МДҲ таркибидаги давлат раҳбарлари билан жуда яхши алоқа ўрнатди. Ҳатто, шундай даражага етдики, айрим давлат раҳбарлари Россия Президентидан бесўроқ иш қилолмайдиган бўлди. Путин баъзи мамлакатлар бошқарувига ўз одамларини қўйди. Ахир бу ҳудудларни эгаллаш учун озмунча қон тўкилганми?!
Мустамлакаларни қайтариш учун ҳаракат
СССР парчалангач, Россия ўзининг собиқ мустамлакаларини қайтариш йўлида бир нечта давлатга қўшин киритди. Собиқ Иттифоқ Республикаларига қўшин киритиш биринчи Президент Ельцин даврида бошланиб, бугунги кунга қадар давом этмоқда.
Молдова воқеалари. 1992 йил 7 июль куни Молдова ва тан олинмаган Днестр Молдавия Республикаси ўртасида зиддият авж олди. Бу қарама-қаршилик қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Днестря Молдавия Республикаси (тан олинмаган) мустақил давлат бўлишни истади. Шу паллада Молдованинг иккига бўлиниб кетишини хоҳламаган Россия, Молдова ҳукумати билан низони тинч йўл орқали ҳал қилиш учун келишув имзолади. Тез орада Россия ҳарбийлари “тинчликпарвар кучлари” номи остида Бендери ва Дубоссарига киритилди. 1992 йил 2 август куни Россия қозилигида икки томон ўзаро келишувга эришди.
Тожикистон. 1992 йилнинг август ойида Тожикистонда марказий ҳукумат тарафдорлари ва бирлашган тожик мухолифати вакили бўлган турли гуруҳлар ўртасида низо пайдо бўлди. Натижада мамлакат икки қисмга бўлиниб, фуқаролик уруши бошланиб кетди. Мухолифат тарафдорлари устунликни ўз қўлига ола бошлагач, Россия дарҳол Тожикистонга ўз қўшинларини киритди. 1997 йилда фуқаролик уруши тугади. Бироқ Россия Тожикистонни назорат қилиб туриш учун пойтахт Душанбеда ўзининг 201-ҳарбий базасини жойлаштирди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда бу ҳарбий базада 7500 та ҳарбий бор.
Агар тарихга назар ташласак, 1968 йилда “Варшава шартномаси” қўшинлари социализмдан бош тортган Чехославакияга киритилган эди. Путин ҳам Ғарбга талпинган “укаларини” аёвсиз жазолади. Бунга Грузия ва Украина яққол мисол бўла олади.
2008 йилги Грузия уруши. 2003 йилда Грузияда “Атиргул инқилоби” бўлиб ўтди. Бунинг натижасида Россияпараст Грузия Президенти Шеварднадзе истеъфога чиқди. 2004 йилнинг январь ойида Президентлик сайловида Михаил Саакашвили ғалаба қозониб, ҳокимиятни ўз қўлига олди. Михаил Саакашвили асосан АҚШ ва Европа мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди.
2004 йилнинг февраль ойида Саакашвили мактуб орқали НАТОнинг ўша вақтдаги бош котиби Хооп Схефферга Грузия альянсга қўшилмоқчи эканини маълум қилади. Агар, Грузия НАТОга аъзо бўлса, АҚШ ўз ҳарбий базаларини Грузияга жойлаштириши табиий ҳол эди. Россиянинг шундоққина биқинида қарама-қарши кучларнинг армияси туриши “Катта оға” учун жиддий хавф бўлиб, Кремль бунга тоқат қилолмасди. Россия бунга қарши Жанубий Осетия фуқароларига ўз паспортини берди.
2008 йил 7 август куни Грузия ва тан олинмаган Жанубий Осетия чегарачилари ўртасида отишма содир бўлди. Грузиянинг Жанубий Осетияга ҳужум бошлаганидан хабар топган Путин “Грузия Жанубий Осетияга нисбатан жуда агрессив йўлдан боргани, бу одамлар ҳалок бўлишига олиб келгани, шаҳарлар вайрон қилингани ҳамда Россия Грузиянинг бу босқинчилик ҳаракатини жавобсиз қолдирмаслиги”ни айтади.
9 август куни эрта тонгда Россия ҳарбий самолётлари Грузиянинг муҳим объектларига ҳаводан зарба берди. Россиянинг 58-армия бўлинмаси эса, Схинвални грузинлардан озод қилиш учун ҳаракат бошлади. 12 август куни Грузия урушда енгилганини тан олиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатди. Аммо Россия ҳарбийлари ўзи эгаллаган позицияда 16 августгача қолди. 26 август куни Россия Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олиб, ўзини янги мустақил давлатнинг ҳимоячиси деб эълон қилди ва бу ерга армиясини жойлаштирди. 28 августда эса, Грузия-Россия билан барча дипломатик алоқаларни узди.
Қирғзистонга КХШТ кучларининг криши. 2010 йилнинг ёзида Марказий Осиё минтақасида ўзбек-қирғиз можароси ортидан Қирғизистонда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Мамлакатнинг муваққат Президенти Роза Отунбаева Россия Федерацияси Президенти Дмитрий Медведевдан ёрдам сўради. Россия бу чақириққа лаббай деб жавоб бериб, Қирғизистонга КХШТ кучларини киритди. Ўша вақтда Россияни расман Медведев бошқариб келаётган бўлса-да, у шахмат столини ўзидан аввалги Президент ва амалдаги Бош вазир Путин билан бўлишиши ҳеч кимга сир эмасди. Ўш ва Жалолобод воқеаларида мамлакатда фуқаролик уруши авж олди. Ўзбекларга нисбатан қирғин акцияси юз берди. Минглаб ўзбеклар Ўзбекистон чегарасига бош урди ва Андижон вилоятидан бошпана топди. Каримов ўша вақтда Қирғизистон ички ишларига аралашмаслик қарорида қатъий турган бўлса-да, фожиаларда муваққат Ҳукумат ва учинчи қўллар иштироки борлигига ишора берди. Роза Отунбаевадан ҳафсаласи пир бўлган Путин, унинг ўрнига Алмазбек Атамбоевни ҳокимиятга кўтарди.
Кримнинг аннексия қилиниши. 2014 йил Украина Олий Радаси Виктор Януковични Президентликдан четлаштирди. У ўзининг ҳаётидан хавфсираб, Россияга жўнаб кетди.
Украинадаги сиёсий зиддиятдан фойдаланган Россия янги тузилган ҳукуматни ноқонуний деб топди. 2014 йил 16 март куни Кримда Россияга қўшилиш тўғрисида референдум бўлиб ўтди. Референдум натижасига кўра, овоз берувчиларнинг 95,5 фоизи Россия таркибига қўшилишни “ёқлади”. АҚШ ва Европа Иттифоқи референдумни ноқонуний деб ҳисоблаб, Россияга иқтисодий санкция эълон қилди. Москва худди Жанубий Осетия сценарийси каби Крим аҳолисига ўз фуқаролик паспортини берди. Фуқароларни ҳимоя қилиш учун Россия стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган Қримга қўшин киритиб, уни мамлакат таркибига қўшиб олди.
Қозоғистондаги талатўплар. 2022 йилнинг бошида Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида суюлтирилган газ нархи 60 тенгедан 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) ошиши ортидан оммавий намойишлар бошланиб кетди. Ҳукумат махсус комиссия тузиб, бу муаммони ўрганишга киришиб улгурмасидан тинч намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. Олма-ота шаҳрида халқ ва ҳарбийлар ўртасида қонли тўқнашувлар юз берди. Бунда бегуноҳ, ҳали оқ-қорани таниб улгурмаган болалар қурбон бўлди. Албатта, оддий одамлар норозилигидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолган кучлар топилди. Аслида улар намойишлардан катта фойда кўрди. Улар халқнинг қўлига қурол тутқазди. Вазият оғирлашиб, отишмалар товуши Президент саройи яқинигача келгач, Тўқаев КХШТ (Путин)га мурожаат қилди. Бу чақириққа ҳам лаббай деб жавоб берилди. Намойишларни бостириш фонида Путин анчагина қариб қолган Назарбоевни бу гал росманасига тахтдан тушириб, барча ваколатларни Қосим-Жомарт Тўқаев ўз қўлига олишига йўл очиб берди. Хўш, нега бундай деяпмиз? Боиси Тўқаевнинг ўзи КХШТ кучлари оддий халқ норозилигини бостириш учун эмас, балки мамлакатда террорчилик хавфига қарши курашиш ва ички кучлар билан ҳисоблашиш учун мамлакатга кирганини тан олди.
Қозоғистондаги “январь фожиаси” ортидан КХШТга ташаккур маъносидаги давлат раҳбарлари машварати ўтказилди. Ушбу ушрашувда КХШТ ҳақиқатан ҳам собиқ иттифоқ мамлакатларини чангалда тутиб туришга хизмат қилувчи тузилма сифатида ташкил этилгани аён бўлди. Бу ҳақда сал пастроқда гаплашамиз.
Россиянинг иқтисодий ҳукмронлиги
Путин жуда айёр стратег. У собиқ Иттифоқ таркибига кирувчи Республикаларни йиллар давомида ўзига ҳар томонлама боғлаб келди. 2014 йил Путин Грузия ва Украина воқеаларидан сўнг, қаноти остидаги “укаларини” янада қаттиқроқ жиловлаш учун ЕврАзЭСнинг ўрнига, Евросиё Иқтисодий Иттифоқини (ЕАЭС) ташкил қилди. Айрим сиёсатчиларнинг фикрича, бу ташкилотни яратиш орқали Россия собиқ Иттифоқ Республикаларни ўзига геосиёсий, геоиқтисодий ва мафкуравий тарафлама бўйсундиришни режа қилган. Ҳозирча бу иттифоққа Россия, Қозоғистон, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон аъзо ҳисобланади. 2017 йилдан буён Путин бу ташкилотга Ўзбекистоннинг ҳам киришини истаяпти. У бунинг учун бошқаларнинг оғзи билан Ўзбекистонга босим ўтказмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10 январь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг машваратида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко ўз оқғи билан Путиннинг гапларини гапирди :
“Аввало, Қозоғистондаги воқеалардан Ўзбекистон сабоқ чиқариши керак. Агар бу сабоқлар олинмаса, биздаги маълумотларга кўра, уларнинг (экстремистлар – таҳр.) диққати Ўзбекистонга қаратилган”.
Лукашенконинг бу фикрлари унинг гапириш интонациясига қараганда “таҳдид” кўринишида янгради. Беларусь Президентининг дадил гапириши ва “биздаги бор маълумотларга қараганда”, деган урғуламалари, унинг қўлидаги тезис Кремль иродаси билан ёзилганидан далолат. Бироқ Ўзбекистон ҳозирча Россия таклиф этаётган ташкилотларга қўшилишни истамаяпти.
Россия пропагандаси
Сўнги йилларда Россия телеканаллари Кремль империализмини яширмасдан очиқ тарғиб қилишга ўтди. Масалан, “Россия 24” канали “30 лет без СССР” рукни остида кўрсатувлар бера бошлади. Ҳатто, об-ҳаво маълумотлари СССР замонларидагидек кетма-кетликда, ўша даврлар кайфиятини берувчи мусиқа остида эълон қилинмоқда.
Сиёсий воизлар Киселёв, Соловьёв, Жириновский Россиянинг буюк давлатчилик ғояларини илгари суриш ҳақида қайта-қайта маърузалар ўқияпти. Мисол учун Жириновсйкий яқинда бир чиқишида шундай деди:
“Ким рус тилига, рус маданиятига қарши бўлса, бизни ёқламаса, куч ишлатамиз. Биз янги киберҳужумларни ишлаб чиққанмиз. Масалан, сизда ҳозир электр бор, бироздан кейин у йўқ. Электр йўқ бўлса, коммунал хизматлар ишламайди. Ҳамма нарса издан чиқади. Ким қилган? Тополмайсиз”.
Путин аста-секин СССРни янги форматда тиклашга интиляпти. Ахир унинг ўзи “Совет Иттифоқининг парчаланишини энг катта геосиёсий фалокат”, деб атаган. Қозоғистонга тинчликпарвар кучларнинг киритилиши Москва ҳомийлигида СССРнинг тикланишига тўғридан тўғри даъват эмасми?
LiveБарчаси