“Жавоб беришга тайёрмиз”. Байден Зеленский билан қўнғироқлашди
Олам
−
03 Январь 2022
8385АҚШ ва Украина Президентлари Жо Байден ва Владимир Зеленский телефон орқали мулоқот қилди. Унда Америка етакчиси Украина чегарасидаги вазият ёмонлашса, Вашингтон ва унинг иттифоқчилари “ҳал қилувчи жавоб” беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки маълумот берди.
“Президент Байден агар Россия келажакда Украинага бостириб кирса, Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари қатъий жавоб беришини аниқ айтди”, деган Псаки.
Қўшимча қилинишича, етакчилар НАТО ва ЕХҲТ орқали Россия билан бўлажак алоқалар доирасидаги дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирган. Бундан ташқари, телефон орқали мулоқот чоғида Байден Зеленскийга Вашингтоннинг Украина ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
“Шунингдек, у Донбассдаги кескинликни юмшатиш бўйича ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ва Минск келишувларини амалга оширишни илгари суриш учун фаол дипломатияни қўллаб-қувватлашини билдирди”, деган Оқ уй Матбуот котиби.
Зеленский ўзининг Twitter’ида Америка етакчиси билан суҳбатда Украинанинг ички ишларини муҳокама қилганига аниқлик киритган.
“АҚШ Президенти билан йилнинг биринчи халқаро мулоқоти муносабатларимизнинг ўзига хос хусусиятини исботлайди. Биз Украина, АҚШ ва ҳамкорларнинг Европада тинчликни сақлаш ва бундан кейин кучайишига йўл қўймаслик, ислоҳотлар ва де-олигархизация бўйича биргаликдаги ҳаракатларини муҳокама қилдик”, деб ёзган у.
Маълумот ўрнида, Украина расмийлари ва Ғарб давлатлари Москванинг қўшни давлат билан чегарада “тажовузкор ҳаракатлари кучайганидан” хавотир билдирмоқда. Ўз навбатида, Кремль Россия ўз ҳудуди ичида ва ўз хоҳишига кўра қўшинларини олиб ўтаётганини, лекин ҳеч кимга таҳдид қилмаслигини маълум қилган.