Прокуратура Боровскийнинг марҳум ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов ишини ўрганиб чиқди

Жамият

image

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқлар ва баъзи интернет сайтларида 2017 йилнинг май ойи бошида шафқатсизларча калтакланиб, шифохонада вафот этган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовнинг онаси Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллаб, ўғлининг ишига шахсий аралашувини сўрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Жасурбекнинг онаси айбдор Исломбек Тўлаганов ўзига тайинланган жазони ўтамаётгани, балки ўқишни давом эттираётгани ҳамда ўғлининг жиноий ишга бириктирилган касалликлар тарихига оид ҳужжатлар йўқолиб қолганидан шикоят қилган.

Тошкент шаҳар прокуратураси Жасурбек Иброҳимовнинг онасининг мурожаатида келтирилган ҳолатларни ўрганиб чиқди.

Аниқланишича, ЖИБ Миробод туман судининг 2017 йилнинг 30 октябридаги ҳукми билан 1999 йилда туғилган, Боровский Тиббиёт коллежи ўқувчиси Тўлаганов Исломбек Абдужалилович ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан ЖКнинг 85-моддаси асосида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жазо муддатининг бошланиши 05.06.2017 йил, жазо муддатининг тугаши 05.06.2023 йил.

2018 йилнинг 20 декабрида Навоий вилояти, Навоий шаҳар судининг ажрими билан УЯ 64/29-сонли муассасада жазо ўтаётган Исломбек Тўлаганов мазкур муассаса томонидан келтирилган жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш ҳақидаги тақдимнома асосида унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган 4 йил 5 ой 15 куни иш ҳақининг 20 фози давлат даромадига ушлаган ҳолда шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Исломбек Тўлаганов жазоси алмаштирилганидан сўнг 2018 йилнинг 27 декабрида Мирзо Улуғбек тумани ИИО Пробация гуруҳига рўйхатга қўйилган.

Жорий йилнинг 5 январь куни шартнома асосида “Феруз-1 коммуналчи” ХУЖМШга ишга қабул қилинган. 1 март куни ушбу ХУЖМШ ҳисобида пул маблағи йўқлиги сабабли ишдан бўшатилган.

13 апрель куни “Навнихол коммунал” МЧЖ Профессионал бошқарув компанияси (ПБК)га 15-сонли буйруқ асосида ишга қабул қилиниб, 0,5 ставка ишчи лавозимида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтамоқда.

Ҳозирда ўталмай қолган АТИ жазоси 3 йил, 6 ой, 5 кунни ташкил қилади.

Мирзо Улуғбек тумани ИИО Пробация гуруҳи катта инспектори А.Мирзараҳмедов ва Тошкент шаҳар ИИБ Пробация бўлими бошлиғи М.Умаров Исломбек Тўлагановнинг яшаш манзили Мирзо Улуғбек тумани, Феруза массиви, 51-уй, 25-хонадонга бориб, у билан қайта жиноят содир этмаслик тўғрисида профилактик суҳбат ўтказган.

Шунингдек, ўрганиш давомида А.Расулевнинг ўғли Исломбек Тўлагановни ўқишини қайта тиклаш тўғрисидаги аризаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2012 йилдаги 367-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом асосида И.Тўлагановни ўқишини П.Ф.Боровский тиббиёт коллежига қайта тиклаб, Олмазор Тиббиёт коллежининг “Лаборатор диагностика” йўналишига 2-босқичнинг 2-семестридан ўрнатилган тартибда кўчириб, ўқишини давом эттиришга қаршилик билдирилмаслиги юзасидан 02.04.2019 йилда Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси, П.Ф.Боровский тиббиёт коллежи ва А.Расулевга хат юборилганлиги маълум бўлди.

Мазкур хат асосида Олмазор Тиббиёт коллежи директорининг 05.04.2019 йилда 32-у-сонли буйруғи асосида И.Тўлаганов ушбу коллежнинг “Лаборатор диагностика” йўналишига 2-босқич 214-гуруҳ ўқувчилари сафига қабул қилиниб, 4-семестрдан ўқишни давом эттиришга рухсат берилган.

Бундан ташқари, марҳум Жасурбек Иброҳимовга тегишли касаллик варақалари қаерда эканлиги ўрганилганда, қуйидагилар маълум бўлди.

Хусусан, Исломбек Тўлагановга нисбатан жиноят иши юзасидан ўтказилган дастлабки тергов жараёнида 19.08.2017 йилда жабрланувчи Жасурбек Иброҳимовнинг оқ рангли майкаси ва хаворанг жинси шими, тиббий муолажалар кўрсатилган 7-сонли ШКШ, 1-сонли ШБКШ, 2-сонли ШБЖКШ ва РШТЁИМ томонидан юритилган касаллик тарихи ҳужжатлари ва бошқа тиббий ҳужжатлар ашёвий ва ёзма далил деб эътироф этилиб, жиноят ишига қўшилган. (№1/17-226-сонли жиноят ишининг 4-жилди)

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг 2017 йил 30 октябрдаги ҳукмига кўра, Исломбек Тўлаганов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан мазкур модда билан ЖКнинг 85-моддасини қўллаган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ, жазо муддатини 2017 йил 5 июндан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

Исломбек Тўлагановга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган.

Жиноят иши бўйича далилий ашё деб топилган жабрланувчи Жасурбек Иброҳимовнинг оқ рангли майкаси ва ҳаворанг жинси шими жабрланувчи вакили Нилуфар Алиевага қайтарилиши, жабрланувчига кўрсатилган тиббий муолажалар кўрсатилган 7-сонли ШКШ, 1-сонли ШБКСИ, 2-сонли ШБЖКШ ва РШТЁИМ томонидан юритилган касаллик тарихи ҳужжатлари ва бошқа тиббий ҳужжатларни жиноят ишида қолдирилиши белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 12 январдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг 2017 йил 30 октябрдаги И.А.Тўлагановга нисбатан ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Ҳозирда вақтда мавжуд касаллик варақалари ЖИБ Миробод туман судида ушбу жиноят иши ҳужжатлари билан бирга сақланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Исломбек Тўлаганов Жасурбек Иброҳимов

Баҳолаганлар

458

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг