Жаслиқдаги қамоқхонанинг ёпилишига қаршилар бор!
Жамият
−
06 Август 2019
20375Қорақалпоғистоннинг Қўнғироқ тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясининг ёпилиши ҳам узоқ кутилган, ҳам кутилмаган воқеа бўлди. Узоқ кутилганики, бу колония халқаро ҳамжамиятда доимий равишда танқид қилинар, унда маҳбуслар қийноқларга солиниши оғизда юрарди. Халқ орасида “борса келмас” деб ном олган бу колонияни ёпиш нега керак бўлиб қолди? Ислоҳотлар замирида маҳбусларга шароит яратиш, инсон ҳуқуқларини тиклаш ётибдими ёки шунчаки Ўзбекистоннинг дунёдаги имижини тиклаш, тавқи лаънатдан қутулиш? Кеча, 5 август куни Миллий матбуот марказида ўтган матбуот анжуманида журналистлар Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳром Одиловга шу савол билан мурожаат қилганлар.
“Жаслиқни ёпиш масаласи анчадан буён кўтарилаётган эди. Мақсад — жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар оила аъзоларига енгиллик яратиш”, дейди Одилов.
Унга кўра, Жаслиқнинг ёпилишига асосий сабаб, унинг ёмонотлиқлиги эмас, балки маҳбусларни кўргани келаётган яқинларининг узоқ масофани босиб ўтаётганида. Шунинг учун Жаслиқдаги маҳбуслар ўз уйлари ва қариндошларига яқин бўлган ҳудудлардаги қамоқхоналарга кўчирилади.
Одиловнинг қайд этишича, Жаслиқдаги колонияни ёпиш юзасидан билдирилган ташаббусга қарши чиққанлар, бундай тартибдаги қамоқхона бўлиши кераклигини талаб қилганлар ҳам бўлган.
“Очиғини айтганда, Жаслиқ колониясини ёпишга қаршилик қилганлар ҳам бўлди. Керак, бундай зона, деган гаплар бўлди. Аммо Давлатимиз раҳбари ҳеч нарсага қарамасдан ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейди Ички ишлар вазири ўринбосари.
LiveБарчаси