Жариманинг 50 фоизини 1 ойда тўлаган тадбиркорларга енгиллик берилади
Жамият
−
13 Апрель 4051 3 дақиқа
Ўзбекистонда тадбиркорлар жариманинг 50 фоизини 1 ой ичида тўласа, қолган қисмидан озод этилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 13 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш, бу борада ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назорати самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимотида сўз боради.
Тақдимотда бугунги кунда молиявий жарималарни қўллаш амалиётида тадбиркорлар учун қатор муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилган. Хусусан, айни пайтда жарималарнинг аксарияти ваколатли органлар, қолганлар эса судлар томонидан қўлланилаётгани суд назоратини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан жорий йил 1 октябрдан молиявий жарималарни ихтиёрий тўлашни рағбатлантирувчи янги ва ягона тартибни жорий этиш таклиф қилинган. Унга кўра, тадбиркорлик субъекти ваколатли органнинг қарори топширилган кундан бошлаб бир ой ичида жариманинг 50 фоизини тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, жаримани олти ой давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда. Бунда қарор топширилганидан сўнг бир ой ичида жарима суммасининг олтидан бир қисми тўланса, мазкур тартиб автоматик равишда амал қилади.
Суд назоратини кучайтириш мақсадида ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда ундирилган маблағларни 15 кун муддатда қайтариш механизмини белгилаш таклиф этилган. Агар ушбу муддат бузилса, кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун Марказий банк асосий ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоиз ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Молиявий жарималарни қўллаш жараёнларини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бизнес-омбудсман томонидан юритиладиган “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланилган молиявий жарималарнинг электрон реестрини жорий этиш таклиф қилинган.
Ваколатли органларнинг қарорлари қабул қилинганидан кейин электрон рақамли имзо билан мазкур тизимга киритилиши шарт бўлади. Ахборот тизимига киритилмаган ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда улар асосида жарима ундирилмайди.
Шунингдек, мобил илова орқали молиявий жарималар ҳисобини юритиш, уларни мониторинг қилиш ва онлайн тўлаш имкониятини яратиш, манфаатдор идораларнинг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш зарурлиги қайд этилган. Солиқ тўловчи – тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети орқали молиявий жарима тўғрисидаги қарорлар устидан онлайн шикоят бериш ва шикоят киритилиши билан қарор ижросини автоматик тўхтатиб туриш имкониятини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Тақдимотда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартибини унификация қилишга қаратилган “Ҳуқуқий таъсир чоралари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи билдирилган.
Давлат раҳбари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни қонунга риоя этган ҳолда фаолият юритишга рағбатлантириш, жарима қўллаш амалиётида адолат ва шаффофликни таъминлаш энг муҳим вазифалардан эканини таъкидлаган.
Таклифларни пухта ишлаб чиқиб, суд назоратини кучайтириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва соҳада ягона, аниқ ҳамда адолатли ҳуқуқий механизмни шакллантириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель