ЖАР Путинни ҳибсга олишга ордер берган ХЖСдан чиқмоқчи
Олам
−
26 Апрель 2023
12560Жанубий Африка Республикаси Путинни ҳибсга олишга ордер берган Гаагадаги Халқаро жиноий суддан чиқишни истамоқда. Бу ҳақда “Aljazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат Президенти Сирил Рамафоса ҳукмрон Африка Миллий Конгресси партияси бунга қарор қилганини билдирган. Бундан аввал март ойида Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путинни украиналик болаларнинг ноқонуний депортация қилинишида айбли деб топиб, уни қамашга ордер берган эди. Бу эса шу йилнинг август ойида Россия раҳбари ЖАРнинг Претория шаҳрига BRICS саммитида қатнашиш учун келганида ҳибсга олиниши кераклигини англатади.
Жанубий Африка Республикаси халқаро майдонда яккалаб қўйилган Россияни Украинага босқинда айблашдан бош тортиб келмоқда. Мамлакат нейтрал позицияни ҳимоя қилиб, урушни тўхтатиш учун мулоқот зарурлигига урғу беради.
Рамафоса Халқаро жиноий суддан чиқиш қарорига суднинг “баъзи мамлакатларга нисбатан адолатсиз муносабати” асос бўлганини таъкидлаган.
Маълумот учун бу мамлакатнинг биринчи марта Халқаро жиноий суд таркибидан чиқишга уриниши эмас. ЖАР 2016 йилда ҳам бунга қарор қилганди. Ўшанда геноцид ва уруш жиноятларида айбланган Судан президенти Умар ал-Башир Африка Иттифоқи саммитида қатнашиш учун ЖАРга келганида ҳисбга олинмаган ва натижада мамлакат танқидларга учраганди. Шундан сўнг, ЖАР Халқаро жиноий суддан чиқишини эълон қилган, бироқ маҳаллий суд бундай ҳаракатни конституцияга зид деб топгани учун у бекор қилинган.