Жапаровнинг қизи оммага кўриниш берди (видео)
Олам
−
13 июл 10759 3 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг одатда омма эътиборидан четда бўладиган қизи Жанайим Чўлпон-ота шаҳридаги “Олтин болалик” лагерида бўлиб, у ердаги болаларни йўқлади. Бу ҳақда “Репортер” хабар берди.
Қайд этилишича, Иссиқкўлдаги “Олтин болалик” реабилитация марказида Қирғизистоннинг барча ҳудудларидан бўлган болалар ҳордиқ чиқармоқда. Жанайим болаларга совғалар – футболка ва шортилар тарқатган. Воқеа айнан қачон бўлгани номаълум.
Кейинчалик маълум бўлишича, “Олтин болалик” болалар соғломлаштириш мажмуасида дам олаётган болаларга биринчи хоним Айгул Жапарова номидан ҳам совғалар топширилган.
Кейинроқ, Садир Жапаров қизининг болаларга совғалар тарқатаётгани акс этган видео юзасидан изоҳ берди. Қирғизистон раҳбари “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида ушбу ҳолат пиар ёки қизини сиёсатга жалб қилиш уринишлари билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган. Жапаровнинг сўзларига кўра, у фарзандлари ва яқинларини на сиёсатга, на давлат ишларига яқинлаштиради.
“Агар шундай уринишлар бўлганида, бу аллақачон маълум бўлган бўларди”, дейди Қирғизистон Президенти.
У қурилиши ўнлаб йиллар давомида якунланмай келинган “Олтин болалик” реабилитация маркази уч йил аввал унинг топшириғига биноан қуриб битказилганини эслатиб ўтган. Ҳозирда у ерда ҳар йили Қирғизистоннинг турли ҳудудларидан болалар, жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандлари дам олмоқда.
Жапаровнинг айтишича, ҳар йили биринчи хоним Айгул Жапарова марказга болалар учун совғалар билан боради. Бу гал ҳам у муассасага ташриф буюришни режалаштирган, бироқ эр-хотинни қудалари меҳмонга таклиф қилиб қолган. Жапаровнинг сўзларига кўра, биринчи хоним қизи Жанайимдан ўз ўрнига бориб, болалар учун тайёрлаб қўйилган совғалар – шорти ва футболкаларни топширишни илтимос қилган.
Жапаров ушбу тадбирни ОАВда ёритиш режалаштирилмаганини, бироқ у ерда бўлганлардан бири жараённи телефонга суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирганини билдирган.
“Бундан сиёсий масала ясаш керак эмас, деб ўйлайман”, дейди Қирғизистон Президенти.
Маълумот учун, Садир Жапаров кўп болали оиладан. Отасининг исми Нурғожо, онасиники Ҳадича бўлган. Жапаров ўз интервьюларида ота-онаси қишлоқда яшагани ва қишлоқ хўжалиги билан шуғуллангани ҳақида гапирган. Улар 11 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Отаси 2017 йил сентябрь ойида 84 ёшида хасталикдан вафот этган. Ўшанда Жазони ижро этиш давлат хизмати Садир Жапаровга дафн маросимида қатнашишга рухсат бермаган. 2019 йил март ойида онаси вафот этган ва бу сафар ҳукумат Жапаровга уни сўнгги йўлга кузатиш учун рухсат берган. Жапаровнинг тўрт нафар фарзанди бор – ўғиллари Достон, Рустам, Нурдавлат ва қизи Жанайим. Тўнғич ўғли Достон 2019 йил август ойида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Садир Жапаров яқинлари, хусусан кичик ўғли Нурдавлатнинг давлат иши, умуман, сиёсат билан шуғулланмаслигини айтган эди.
Live
Барчаси