Жапаров Афғонистоннинг “музлатилган” активларини “Толибон”га қайтаришга чақирди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров халқаро ҳамжамият “Толибон”ни тан олиши керак деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Туркиянинг TRT AVAZ телеканалига берган интервьюсида маълум қилди

“Халқаро тадбирларда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Афғонистонга қаратишга ҳаракат қиламиз. Ўзингизга маълумки, афғон халқи узоқ йиллар давомида уруш ва унинг оқибатларидан азият чекиб, қийинчиликларни бошидан кечирмоқда. Афғонистон билан тўғридан тўғри чегарамиз бўлмаса-да, у қўшни давлатларимизга чегарадош. Шу боис у ердаги вазиятнинг ёмонлашиши бизни маълум даражада хавотирга солмоқда. Ўзингиз биласиз, 2021 йилда Афғонистонда “Толибон” ҳаракати етакчилари ҳокимият тепасига келган. Улар бугунги кунгача мамлакатни бошқаришда давом этмоқда. Биз истаймизми ёки йўқми, факт ўзгаришсиз қолмоқда – мамлакатни “Толибон” бошқаряпти. Буни инкор этиб бўлмайди. Бир қатор давлатлар, жумладан биз ҳам “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқардик”, дейди Жапаров.

Унинг айтишича, Афғонистонни бутун дунёдан ажратиб қўйиш муаммони ҳал эта олмайди. Аксинча, мавжуд вазият қанчалик узоқ давом этса, афғон халқи шунчалик оғир кунларни бошдан кечиради.

Маълумки, 2021 йил ёзида “Толибон” ҳокимият тепасига келганида Афғонистон Марказий банкининг хориждаги 9,4 миллиард доллар активлари Ғарб давлатлари томонидан музлатиб қўйилган эди. Шундан 7 миллиард долларга яқини АҚШга тўғри келади. Жапаровга кўра, Афғонистондаги вазият ва афғон халқи фаровонлигини яхшилаш учун бу маблағлар имкон қадар тезроқ қайтарилиши керак.

“Масалан, менимча, бу маблағлар Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматига нафақат инфратузилмани тиклаш, балки маҳаллий банклар орқали фуқароларга арзон кредитлар ажратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қашшоқликда яшаётган фуқаролар ҳаётини яхшилаш имкониятларини яратишда ҳам ёрдам бериши мумкин. Ҳозир Афғонистон аҳолисининг аксарияти очарчилик таҳдиди остида.

Шу сабабли, фурсатдан фойдаланиб, Европа давлатлари раҳбарлари ва Америка Қўшма Штатлари раҳбариятини Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини тан олишга ва афғон халқининг келажаги йўлида “музлатилган” маблағларни қайтаришга чақираман”, дейди Қирғизистон раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Толибон Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг