Жапаров озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида Россия билан бирлашишни таклиф қилди
Олам
−
14 Октябрь 2022
4622Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерациясига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона тизимини яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 14 октябрь куни Остонада “Марказий Осиё-Россия” саммитидаги нутқида айтиб ўтди.
“Мамлакатларимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона стратегияни яратиш зарур”, дейди у.
Унинг таъкидлашича, келажакда айрим товарлар тақчиллиги юзага келганда ички бозорни ҳимоя қилиш ва импорт ўрнини босиш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўриш зарур.
“Санкциялар минтақанинг барча давлатлари ва улар аҳолисининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади”, дейди Жапаров.
Шу муносабат билан у минтақанинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашнинг янги усулларини излашни таклиф қилган.
Жапаровнинг эслатишича, сўнгги пайтларда минтақанинг барча давлатлари билан Россия ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ошган. Бундан ташқари, Қирғизистон Президенти Марказий Осиёнинг сайёҳлик имкониятларидан кенгроқ фойдаланишни ҳам таклиф қилган.
Саммитда Жапаров давлатларни республиканинг истиқболли энергетика секторига фаолроқ сармоя киритишга чақирган.
“Мамлакатимизнинг энергетика салоҳияти 150 миллиард кВт/соатга баҳоланган, аммо ҳозирда атиги 10 фоизга яқинидан фойдаланилмоқда. Шунинг учун биз қайта тикланадиган энергия манбаларини яратишга сармоя киритишдан манфаатдормиз, барча инвесторларни ўзаро манфаатли ҳамкорликка таклиф қиламан”, дейди Қирғизистон раҳбари.
LiveБарчаси