Жапаров Мирзиёевни табриклади
Жамият
−
31 Октябрь 7078 2 дақиқа
Қириғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Самарқандда UNESCO’нинг 43-сессияси Бош конференцияси иш бошлагани билан табриклади. Бу ҳақда у бугун, 31 октябрь куни ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Қирғизистон халқи номидан ва шахсан ўзимнинг номимдан сизни ҳамда биродар Ўзбекистон халқини UNESCO'нинг 43-сессияси Бош конференцияси иш бошлагани билан самимий табриклайман”, дейди Жапаров.
Шунингдек, у бу тарихий воқеа Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этишини ва UNESCO штаб-квартирасидан ташқарида, Париждан бошқа жойда, қирқ йилдан ортиқ вақт ичида илк бор ўтказилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этган.
“Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикасининг юқори халқаро обрў-эътиборини, шунингдек, Марказий Осиё минтақасининг жаҳон миқёсида маданий, маънавий ва гуманитар ҳамкорлик маркази сифатидаги ўсиб бораётган эътирофини яққол тасдиқлайди”, дейди Қирғизистон Президенти.
Унинг билдиришича, бундай йирик форумнинг қадимий Самарқанд шаҳрида – илм-фан, маърифат ва маънавият бешигида ўтказилиши конференцияга ўзига хос рамзий мазмун беради. Бу эса Ўзбекистоннинг цивилизациялар ўртасидаги кўприк, тинчлик, ўзаро тушуниш ва яратувчанлик ғоялари маркази сифатидаги ролини янада эътироф этади.
“Ишончим комилки, конференция давомида илгари суриладиган қарорлар ва ташаббуслар таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликнинг янги уфқларини очади, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади ҳамда минтақамизнинг янада равнақ топишига ҳисса қўшади. Биродар ўзбек халқига ушбу кенг кўламли ва муҳим тадбирни муваффақиятли ўтказишни, самарали муҳокамалар, конструктив қарорлар ва илҳомлантирувчи натижаларни чин дилдан тилайман”, дейди Жапаров.
Маълумот учун, UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси 30 октябрь – 13 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
Live
Барчаси