Жапаров қирғизистонликларни хавотирга солаётган қонунни имзолади
Олам
−
02 Апрель
31510Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Айрим қонун ҳужжатларига (“Нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ва Жиноят кодекси (хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси)” ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Қонун лойиҳаси Жогорку Кенеш (парламент) томонидан 14 март куни қабул қилинган.
Қонун лойиҳасида Қирғизистонда ташкил этилган ва хорижий давлатлар, уларнинг давлат органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва бошқалардан пул ва бошқа мол-мулк оладиган нотижорат ташкилотига ҳуқуқий мақом киритиш таклиф этилади.
Қонун лойиҳасига кўра, нотижорат ташкилотлар даромадлари, мол-мулки, харажатларининг ҳажми ва таркиби, ходимларнинг сони ва таркиби, уларга ҳақ тўлаш, фуқароларнинг текин меҳнатидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни сир сақлай олмайди.
Нотижорат ташкилотлари рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатли органга ўз фаолияти тўғрисида, бошқарув органларининг шахсий таркиби, маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва бошқа мол-мулкдан, шу жумладан хорижий манбалардан олинган мулкдан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботни ва хорижий вакиллик функцияларини бажарувчи нотижорат ташкилотлари, шунингдек, аудиторлик хулосасини ўз ичига олган ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини режали текширишлар йилига бир марта ўтказилади. Қонун эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач кучга киради.
Садир Жапаров нима учун бундай қонун қабул қилинганига қуйидагича изоҳлади:
“Мамлакатимизда 30 йилдан бери фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган. Улар ҳеч кимга ҳисобот бермади. Улар фақат банк ҳисоб рақамларини очиб, хорижий донорлардан пул олиб, уларни ўз ихтиёрига кўра, шу жумладан шахсий мақсадларда ҳам ишлатган. Бундан буён улар ҳам бошқалар қатори Адлия вазирлигида рўйхатга олинади. Банк ҳисоб рақамлари очилади. Энди улар очиқ иш бошлайди. Аввалгидек тартибсизлик бўлмайди”, деб ёзади у.
Маълумот учун, 15 та ташкилот, жумладан “Бир дунё Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ҳаракати тўртта халқаро молия институтига “хорижий вакиллар” қонуни лойиҳаси юзасидан жиддий хавотир билдириш учун хат йўллаган. Мактубда таъкидланишича, қонун қабул қилинса, у Қирғизистоннинг муваффақиятли ривожланишига жиддий хавф туғдиради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қирғизистонда қабул қилиниши кутилаётган хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасидан хавотир билдирган, Садир Жапаров эса АҚШдан республиканинг ички ишларига аралашмасликни сўраганди.
LiveБарчаси