Жапаров қирғиз-ўзбек чегара битимини ратификациялаш тўғрисидаги қонунни имзолади

Олам

image

Бугун, 29 ноябр куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборидан фойдаланишга оид ҳужжатни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

“Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров “Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги 2022 йил 3 ноябрда Бишкек шаҳрида имзоланган битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади”, дейилади хабарда.

Матбуот хизматига кўра, мазкур келишувдан мақсад “сув омборининг сув ресурсларини қўшма комиссия томонидан бошқариш”дир.

Шуниндек, Қирғиз Республикаси раҳбари Ўзбекистон билан чегаранинг баҳсли қисмиларини келишишни назарда тутувчи қонунни ҳам имзолади.

“Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров “2022 йил 3 ноябрда Бишкек шаҳрида имзоланган Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади”, дейилади хабарда.

Қонунда Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш таклиф этилмоқда. Ҳужжат чегаранинг 302,29 км узунликдаги қисми қаерлардан ўтишини белгилаб беради.

Ушбу қонунлар Қирғизистон парламенти томонидан 2022 йил 17 ноябрда қабул қилинган.

Томонлар эришилган келишувларга кўра, чегаранинг умумий участкасини демаркация ва делимитация қилишни якунлаш доирасида баҳсли ерларнинг 19 минг гектарга яқини Қирғизистон томонида, 4,5 минг гектари, жумладан, 1983 йилда қурилган Андижон (Кампиробод) сув омбори Ўзбекистонга ўтмоқда.

Маълумот учун, “Кампиробод” сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншооти. 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган бу сув омборининг умумий майдони – 55 кв км, сув сиғими – 1 млд 950 м3 бўлиб узоқ йиллар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида талаш бўлиб келаётган эди.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг узунлиги 1300 километрдан ортиқ. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин чегара чизиғи бўйлаб бир неча ўнлаб баҳсли ҳудудлар шаклланди. Мустақилликнинг қарийб 30 йили давомида Бишкек ва Тошкент чегарани демаркация ва делимитация қилиш борасида келиша олмади. Томонлар 2017 йилнинг кузида жараённи фаоллаштиришга муваффақ бўлишди, 2022 йил бошига келиб 50 га яқин баҳсли участкалар мавжуд бўлган сўнгги 230 километр келишиб олиш қолганди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари битимини Олий Мажлис палаталари ҳам ратификация қилиб улгурган. Хусусан, Қонунчилик палатаси 14 ноябрь куни, Сенат эса 18 ноябрь куни ратификация қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг