Жапаров инсон ҳуқуқлари рейтинги иғвогарлар қўлида қолганини иддао қилди
Олам
−
07 Февраль
6589Бугун, 7 февраль куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги бўйича жаҳон рейтингидаги ўрни ҳақида фикр билдирди.
"Бу дунё рейтингини ким тузади? Айнан сўз эркинлиги ортида яширинган иғвогарлар", деган у.
Шунингдек, Қирғизистон раҳбари мамлакатда ҳамиша сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари мавжуд бўлгани, бундан кейин ҳам бўлишини айтган ва мободо ҳукумат сўз эркинлигига қарши ноҳақ қадамлар қўйса, халқ аллақачон исён кўтаришини таъкидлаган.
“Қирғизистонда сўз эркинлигини чеклаб бўлмайди. Халқ бунга йўл қўймайди. Қадим замонлардан бери одамлар сўз эркинлиги билан яшаб келган ва шундай яшашда давом этади. Сўз эркинлиги йўқ, деганлар, ёқимли иборани ишлатиб, ўзлари хоҳлаган ишни қилади. Сўз эркинлиги ниқоби остида республикани ағдаришни режалаштирган “сохта ватанпарварлар”. Мамлакатда исён кўтармоқчи бўлган бундай ёмон ниятли кимсаларнинг мақсадига етишига йўл қўймаймиз. Улар менталитетимиз, урф-одатларимиз ва табиатимизга тўғри келмайдиган тарғибот-ташвиқотлар олиб бориб, халқни бузмоқдалар. Айримлар ёлғон маълумот тарқатиб, бировнинг шаъни ва қадр-қимматини бузиб қўяётган ҳолатлар ҳам учраб турибди”, деган у.
Жапаров агар Қирғизистон уларнинг шартларини, миллийликка ёт бўлган сиёсатини қабул қилиб, уни ривожлантирганида, мамлакат инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги рейтингида етакчи деб топилишини киноя қилди.
“Вақт ўтиши билан давлат ва халқни маънавий жиҳатдан таназзулга етаклайдиган бундай биринчи ўрин бизга керак эмас”, дея қўшимча қилган қўшни давлат раҳбари.
Бундан ташқари, Қирғизистонда демократия даражаси бошқа давлатларга қараганда юқори эканлиги қайд этилган.
“Демократияга келсак. Бизда ҳақиқий эркинлик бор, лекин бизни танқид қиладиган давлатлар истагидек эмас. Бизда демократия даражаси уларникидан анча юқори. Бироқ, айрим фуқароларимиз бу тушунчадан нотўғри фойдаланмоқда”, деган Қирғизистоннинг 6-раҳбари.
Эсатиб ўтамиз, Қирғизистон ҳукумати жорий йилнинг 16 январь куни тўртта мустақил нашрнинг 11 журналистини ҳибсга олган эди.
Қайд этилишича ҳибсга олинган журналистларнинг барчасига икки ой – 13 мартгача қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси