Жанубий Корея Президентининг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди

Олам

image

Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уринганидан сўнг унинг рейтинги рекорд даражада паст кўрсаткич – 13 фоизга тушди. Бу аввалги ҳафтага нисбатан уч фоизга кам. Бу ҳақда “Gallup” ижтимоий сўровлар компаниясининг Жанубий Корея бўлими ўтказган сўров натижаларига таяниб, “Yonhap” хабар берди.

Қайд этилишича, салбий баҳолар даражаси 75 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич Президент Юн бошчилигидаги маъмурият 2022 йил май ойида ҳокимиятга келганидан бери энг юқори даражага етган. Сўров қатнашчиларининг 19 фоизи иқтисодий сабаблар туфайли, 16 фоизи эса ҳарбий ҳолат масаласи туфайли вазиятни салбий баҳолаган.

Сўров мамлакат бўйлаб 3-5 декабрь кунлари 18 ёшдан ошган 1001 нафар респондент иштирокида ўтказилган. Тадқиқот натижаларининг аниқлик даражаси 95 фоиз бўлиб, сўров хатоси 3,1 фоиз деб баҳоланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Юн Сок Ёль Мудофаа вазири Ким Ён Хёнгнинг истеъфо аризасини қабул қилганди. Вазир 3 декабрь куни Президентга ҳарбий ҳолат эълон қилишни маслаҳат берган эди, лекин парламент овоз бериб, бу қарорни бекор қилди. Кейинчалик Президент ҳам парламентнинг қарорини қабул қилганди.

Мухолифат 4 декабрь куни парламентнинг тегишли қўмитасига Президент, Мудофаа вазири ва Ички ишлар ва Хавфсизлик вазирига нисбатан импичмент эълон қилиш таклифини киритган. “Тобуро” партияси Президентни давлатга хиёнат қилишда айблашга эришишини ваъда қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

рейтинг Юн Сок Ёль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг