Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ҳайдалиши мумкин

Олам

3 декабрь куни Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль телевидение орқали халқига юзланиб, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилди.

“Шимолий Корея тарафдори кучларни йўқ қилиш ва эркин конституциявий тузумни “коммунистик кучлар”дан ҳимоя қилиш учун ҳарбий ҳолат эълон қиламан. Бундай чорани мухолифатнинг ҳаракатлари туфайли қўллаяпман. Мухолифат мамлакатни инқирозга олиб кирмоқчи”, деди президент.

Шунингдек, у ҳарбий ҳолатнинг жорий этилишини “одамлар эркинлиги ва хавфсизлигини, шунингдек, мамлакатнинг давлатга қарши кучларни йўқ қилишнинг муқаррар чораси” деб атаган. Унинг таъкидлашича, ҳарбий ҳолат фуқароларга бироз ноқулайлик туғдириши мумкин, бироқ расмийлар бундай ноқулайликларни минималлаштиришга эътибор қаратади.

“Ташқи сиёсатда ўзгариш йўқ, Корея Республикаси ўз масъулиятини ва халқаро ҳамжамият олдидаги ҳиссасини бажармоқда”, дея қўшимча қилган Юн Сок Ёль.

Республика Мудофаа вазирлиги зудлик билан барча қуролли кучлар асосий қўмондонларининг йиғилишини ўтказиб, қуролли кучларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги ҳамда шайлигини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилганини маълум қилди. Юн Сок Ёль ҳарбий ҳолат эълон қилганидан сўнг Демократик партия барча аъзоларини зудлик билан Миллий Ассамблеяга йиғилишга чақирди. Аммо Ассамблея раҳбари Ли Чже Мён президентнинг ҳаракатларини конституцияга зид ва ноқонуний деб атади.

“Халқ кучи” етакчиси Хан Дон Хун ҳам президентнинг ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги қарорини нотўғри деб атаган ва президентнинг ҳаракатларини халқ билан биргаликда тўхтатишга ваъда берди.

Ҳаммаси мана шундан кейин бошланди. Корея Республикаси парламенти 3 декабрь кунининг ўзида мамлакат президенти Юн Сок Ёль томонидан жорий этилган ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди. Овоз беришда 300 нафар депутатдан 190 нафари иштирок этди. Миллий Ассамблея биносида тўсиқлар ўрнатилди, махсус кучлар ичкарига киритилмади. 

Жанубий Корея Конституциясида агар ҳарбий ҳолатни бекор қилишни парламентдаги кўпчилик овози ҳал қилади. Миллий Ассамблеяда овоз бериш жараёнлари кечаётган бир пайтда  парламент биноси олдида одамлар тўплана бошлади. Намойишчилар президентга қарши тўпланишганди. Улар “Президент Юнга импичмент,” “Ҳарбий ҳолатни бекор қилинг, демократияни ҳимояланг” ва “Биз ғалаба қиламиз” дея қичқиришди.

“Президент сайланганидан сўнг, ўзидан аввалги президентларга нисбатан жуда консерватив лидер сифатида ном қозонди. Айрим соҳаларга маблағ ажратилишидаги қисқартиришлар, яъни иқтисодий ислоҳотлар, жамоатчиликнинг кенг норозилигини келтириб чиқарди. Парламент сайловларида айнан Ён Сок Ёль йўлига қарши бўлган ва мухолифатчилар кўпчиликни эгаллаб олишди. Ҳатто, 2022 йилдан шу пайтга қадар, юзлаб инсонларга импичмент эълон қилинди. Давлат ходимларига нисбатан қилинган бу ҳаракатлар ҳам давлатнинг ўз фаолиятини етарлича йўлга қўя олмаётганидан далолат беради ва муаммолар кузатилмоқда.

Ушбу ҳолатлар силсиласи ўлароқ, иттифоқчилар орасида ҳам Юн йўлини қўллаб-қувватлаётган Жо Байден маъмурияти ва унинг издоши Камола Ҳаррис ҳокимиятга келганда эди, хавфсизлик масалаларида муносабатларни давом эттирган бўларди. Лекин кутилмаганда Дональд Трампнинг президент этиб сайланиши, хоҳлаймизми йўқми, вазиятни ўзгартириб юборди. Дональд Трампнинг аввалги биринчи муддатида Кореяга нисбатан эътибори камроқ бўлган. Мана шунинг учун ҳам Юн Сок Ёль таваккал қилишга мажбур бўлди. Ҳарбийлардан қўллаб-қувватлов оламан деган мақсади мавжуд эди. Шунинг учун ҳарбийларга парламент биносини эгаллаш буюрилди”, деди Жанубий Корея бўйича сиёсатшунос Жасурбек Пўлатов.  

Аммо қизиқ Юн Сок Ёль ҳарбий ҳолатни эълон қилинишини демократияни ҳимоя қилиш учун деяпти, президентга қарши намойишчиларнинг ҳам айни муддаоси шу – демократия. Бу ерда демократияга қарши киму, Шимолий Корея тарафдори ким?

“Демократия бу ерда ҳақиқий мақсад ҳисобланади. Жанубий Корея тарафдорлари икки Корея ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун кучли кайфиятда ҳаракат қилган эдилар. Аммо бугунги кунда Шимолий Кореядан келиб чиққан провокацион воқеалар жамоатчиликда норозиликни кучайтириб юборади. Мухолифат эса Шимолий Кореяга яқин муносабатда бўлишда бир-бирини айблаб, восита сифатида фойдаланмоқда.

Нега айнан декабрь ойида бундай ҳолатлар юзага келганига келсак, хоҳлаймизми йўқми, Жанубий Корея Америка Қўшма Штатларига боғлиқ. Президент Дональд Трамп инаугурациясигача ўзгаришлар ва қўлловга эришиш мақсадида ҳаракат қилди. Лекин биз кўрдикки, Америка Қўшма Штатларидан ҳам тинчлик йўли билан ҳал этиш умиди оқилона тарзда билдирилган баёнотлар берилди. Шу сабаб жанубий Кореяда содир бўлган олти соатлик ҳарбий ҳолатдан сўнг, парламент уни бекор қилди. Қўшинлар миллий мажлиси биносини тарк эта бошлашганида, бунинг аксига бўлган ҳаракатлар давом этди. Таълим вазирлиги барча таълим муассасаларида ўқиш ўзгаришсиз давом этишини маълум қилди. Кореяда бир кун тинч, сиёсий партиялар ва уларнинг фаолияти тақиқланиши, жамоатчиликда назорат ўрнатилиши, оммавий ахборот воситалари устидан назорат мустаҳкамланиши ҳақида баёнотлар берилди. Бу эса норозиликларни авж олдирди. Бугун эрталаб, ушбу баёнот қайтадан кўриб чиқилиб, фавқулодда ва ҳарбий ҳолат бекор қилинди”, деди Пўлатов.

Жанубий Кореяда 6 соат давом этган ҳарбий ҳолатдан сўнг Парламент уни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу  қарордан сўнг қўшинлар Миллий Ассамблея биносини тарк эта бошлади. Таълим вазирлиги барча таълим муассасаларида ўқиш ўзгаришсиз давом этишини маълум қилди. У бу қарорни парламентда кўпчиликка эга бўлган мухолифатдаги Демократик партия ҳукуматнинг бюджет бўйича таклифини рад этиб, давлат аудитори ва бош прокурорига импичмент эълон қилишга қарор қилганидан кейин қабул қилган. 

Даставвал Юн Сок Ёль  Жанубий Кореянинг бир палатали парламенти Миллий ассамблея июнь ойида янги ҳукумат инаугурациясидан сўнг 22 нафар ҳукумат амалдорига импичмент эълон қилишга уринганини айтган. Президентнинг фикрича  “нафақат мисли кўрилмаган”, балки давлатнинг суд ва ижро ҳокимиятини фалаж қилади. У, шунингдек, парламентда кўпчиликни ташкил этади Демократик партиянинг келгуси йил бюджетини рекорд даражадаги 4,1 триллион вонга (тахминан 3 миллиард доллар) қисқартириш ниятини танқид қилган.

“Миллий Ассамблеямиз жиноий гуруҳлар уясига айланди. Либерал демократиянинг асоси бўлиши керак бўлган Миллий Ассамблея либерал демократик тизимни йўқ қиладиган йиртқич ҳайвонга айланди”, деган у.

Юннинг бу ҳаракати 1987 йилда мамлакат демократлашганидан кейин ҳарбий ҳолат эълон қилинган биринчи ҳарбий ҳолат эди. Мамлакатдаги охирги ҳарбий ҳолат 1979 йилнинг октябрида собиқ ҳарбий диктатор Пак Чунг Хи ўлдирилиши ортидан жорий қилинган холос. Шундан сўнг бундай тўполонлардан ҳоли эди мамлакат. 

“Тарихдан биламизки, бир неча бор ҳарбий ҳолат содир бўлиши жуда қонли оқибатларга олиб келган ва халқ буни ҳали унутгани йўқ. Охиргиси бўлганига қарийб қирқ йил бўлиб қолди. Мана шу сабаб нафақат жамоатчилик, балки ҳарбийларда ҳам бу ҳолатга хайрихоҳ эмаслигини кузатиш мумкин. Қизиқ ҳолат шундаки, Юн йўл ҳарбий ҳолатни эълон қилинишини демократияни ҳимоя қилиш учун дея, президентга қарши намойишчилар ҳам айни муддаони илгари сурмоқда”, деди Жасурбек Пўлатов.

Юн Сок Ёль 2022 йилда президентлик лавозимига киришганидан бери мухолифат назоратидаги парламент билан ўз дастурларини амалга оширишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Юннинг консерватив “Халқ кучи” партияси Демократик партия билан келаси йилги бюджет масаласи юзасидан келишмовчиликда эди. Мухолифат эътирози, Парламент эътирози халқ эътирозига қўшилгач, Президент Юн Сок Ёль мағлуб бўлди.

Жанубий Корея қонунчилари энди президент Юн Сок Ёлни ҳарбий ҳолат эълон қилганидан кейин импичментга чақиришди. Уларнинг айтишича,  бир неча соатлик ҳарбий ҳаракат ҳам Осиёнинг тўртинчи йирик иқтисодиётида ўн йилликлардаги энг йирик сиёсий инқирозни келтириб чиқариши мумкин.

Шундай қилиб, синдирилган деразалар, парламент биносига киришга уринишлар, осмонда ҳарбий вертолётларнинг учиб юриши, тартибсизлик юзага келгани, намойишчилар ташқарида полиция билан муштлашгани каби ҳолатлар учун президент жавоб берадиган бўлди. Ҳарбийлар, парламент, парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тақиқланишини, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар ҳарбий ҳолат қўмондонлиги назорати остида бўлишини айтди.

Ҳозирда Жанубий Кореянинг энг йирик касаба уюшмалари коалицияси – Корея Касаба Уюшмалари Конфедерацияси Сеулда митинг ўтказишни режалаштирган ва Юн истеъфога чиқмагунча иш ташлашга ваъда берган. Мамлакатда бундан-да кўпроқ норозилик намойишлари кутилмоқда. 

Мухолифат партиялари қонун чиқарувчилари коалицияси чоршанба куни Юнга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф қилишни режалаштираётганликларини айтишди ва у 72 соат ичида овозга қўйилиши керак.

“Парламент импичмент тўғрисидаги қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилиш учун президент фаолиятини зудлик билан тўхтатишга эътибор қаратиши керак”, деди коалициядаги депутатлардан бири Хван Ун Ха журналистларга.

Юннинг ҳукмрон “Халқ кучи” партияси раҳбари мудофаа вазири Ким Ён Хённи ишдан бўшатиш ва вазирлар маҳкамаси аъзоларини истеъфога чиқаришга чақирди. Бунинг сабаби Ён телевидениеда қилган чиқишида мамлакатни ядро қуролига эга Шимолий Корея ва шимол тарафдори давлатга қарши кучлардан ҳимоя қилиш ва унинг эркин конституциявий тузумини ҳимоя қилиш учун ҳарбий ҳолат зарурлигини айтганида ҳеч қандай аниқ таҳдидларни келтирмаган. Синдирилган деразалар,  парламент биносига киришга уринишлар осмонда ҳарбий вертолётлар учиб юриши, тартибсизлик юзага келгани, намойишчилар ташқарида полиция билан муштлашгани каби ҳолатларнинг барча-барчаси учун  президент жавоб бериши керак. Ҳарбийлар парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тақиқланишини, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар ҳарбий ҳолат қўмондонлиги назорати остида бўлишини айтди.

Ҳозирда Жанубий Кореянинг энг йирик касаба уюшмалари коалицияси Корея касаба уюшмалари конфедерацияси Сеулда митинг ўтказишни режалаштирган ва Юн истеъфога чиқмагунча иш ташлашга ваъда берган. Мамлакатда бундан-да кўпроқ норозилик намойишлари кутилмоқда. АҚШ элчихонаси Жанубий Кореядаги АҚШ фуқароларини норозилик намойишлари бўлиб ўтадиган жойлардан қочишга чақирди, айни пайтда баъзи йирик иш берувчилар, шу жумладан ходимларга уйдан ишлашни маслаҳат берди.

Ўзбекистон томони ҳам жим турмади, албатта. 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси элчихонаси Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиқди.

“Ҳурматли ватандошлар! Хабарингиз бор, 3 декабрь куни Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.  Бугунги кунда мамлакатда юзага келаётган ички сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, барчангиздан Жанубий Кореяда турли хил митинглар ва намойишларда иштирок этмасликка, одамлар гавжум жойларга бормасликка, ўзингизнинг шахсий хавфсизлигингиз ва соғлигингизни эҳтиёт қилишга чақириб қоламиз”, дейилган огоҳлантиришда.

Биз билан суҳбатда бўлган Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар мамлакатда ҳолат назорат остидалиги, улар хавфсизликдалигини айтишди.

“Шимолий Корея билан уруш бўлиб кетармикан деб ўйладик бошида. Йўқ, улар бу президентларини ишдан олиб ташлади. Чунки Жанубий Корея ўттиз ёки ўттиз беш йил давомида жуда тез ривожланиб борди. Мана шу уч-тўрт йилда эса ривожланиш тўхтади. Мен бу ерга 2017 йилда келганман. Иқтисодиёти ўшанда яхши эди, ҳозир чет элликлар тугул  Корея халқининг ҳам аҳволи ҳам қийинлашган. Ўзбекистонда ўйлашади Корея зўр деб, лекин бу ёққа келиб яшаган одам нарх-наволар қанчалик қимматлигини кўриб қолади. Бу сиёсий воқеалар бунчалик ваҳимали эмас. Билмайман, Ўзбекистондагилар учун қанақадир ваҳимали бўлиши мумкин, лекин, Кореяда оддий халқ ҳам сиёсатчи, улар учун бу оддий ҳол”, Сардорбек исмли ўзбек дастурчиси.

Шунингдек, Сеул шаҳрида таржимонлик ва ўзбекларга юридик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи Жавоҳир Ғаниев ҳам эрталаб Корея тонгги тинч отганини хабар қилди.

“Кеча куни кеча Кореяда энг қайноқ воқеалар марказига айланган парламент биноси олдида турибман. Мана, кўришингиз мумкин, Корея тинч. Шимолий Корея билан ҳеч қандай уруш бўлмаяпти. Кечқурун Жанубий Корея президенти фавқулодда ҳолат эълон қилди, лекин у олти соатга бормасдан бекор қилинди. У Кореянинг ўзининг ички сиёсати, ички сиёсий ўйинлари бўляпти. Ҳеч қандай уруш, жанжал бўлмаяпти. Ўзбекистондагилар бизнинг ота-оналаримиз, яқинларимиз, оила аъзоларимиз бемалол хавотир олмасдан, биздан кўнгилларини тўқ қилиб юришсин. Ҳеч қандай уруш ёки тўполон бўлмаяпти. Мана, мен ҳозир шу ердаман, ҳамма жой тинч. Ҳамма ўзи билан машғул. Ҳеч қандай уруш ёки таҳликали ҳолат йўқ. Энди бу уларнинг ички намойишлари. Булар албатта ҳукумат назорати остида”, дея видеохабар улашган ўзбекистонлик жонкуяр йигит.

Жорий йилнинг 13 июнь куни Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль рафиқаси Ким Гон Хи билан биргаликда Ўзбекистонга келганди. У мамлакатга келиш олдидан “Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги ягона стратегик шеригимиз ва асосий ҳамкоримиз” деган ва икки кунлик ташриф давомида Жанубий Корея Президенти Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлган, бир неча муҳим келишувларга эришган. Жанубий Кореядаги бу ҳолат Ўзбекистон билан алоқаларга қандай таъсир қилади? Юн Сок Ёль билан тузилган келишувлар ўз кучида қоладими? Мутахассис бу саволга ҳа, дея жавоб берди.

Жанубий Кореядаги ҳолат мамлакатнинг иқтисодий ҳолати билан ҳам боғлиқ. Молия вазири Чои Санг-мок ва Корея банки губернатори Ри Чанг Ёнг бир кечада фавқулодда йиғилиш ўтказди ва молия вазирлиги керак бўлса бозорларни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

“Биз акциялар, облигациялар, қисқа муддатли пул бозори ҳамда форекс бозорига чексиз ликвидлик киритамиз, улар тўлиқ нормаллаштирилгунга қадар”, дейилади ҳукумат баёнотида.

Сеул аҳолиси воқеалар ривожини телевизор ва смартфонларда диққат билан кузатиб боришди ва Интернетда муҳокама қилишди, аммо 3 декабрь куни ҳаёт Кореяда одатдагидек давом этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг