Жанубий Корея парламенти Президентга импичмент эълон қилди
Олам
−
14 Декабрь 2024
3648Жанубий Корея парламенти бугун, 14 декабрь куни Президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш учун овоз берди. Бу ҳақда парламент спикери Ву Вон Сик маълум қилди.
“Ҳарбий ҳолат эълон қилинган пайтдан то шу пайтгача халқнинг демократия учун кўрсатган жасорати ва фидойилиги бу қарорга олиб келди”, деган парламент спикери.
Овоз беришда барча 300 депутат иштирок этган. Импичментни 204 нафар депутат қўллаб-қувватлаган. 85 киши қарши чиққан, уч нафари бетараф, яна 8 нафари эса ҳақиқий эмас деб топган.
Эндиликда Конституциявий суд иш юритишни бошлайди ва импичментни тасдиқлаш ёки Юн Сок Ёлни қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади. Ишни кўриб чиқиш 6 ойгача давом этиши мумкин. Яъни суд 180 кун ичида уни президентлик лавозимидан озод этиш ёки унинг ваколатларини тиклашни аниқлаши мумкин. Агар у лавозимидан четлатиладиган бўлса, 2017 йилда собиқ президент Пак Кин Хедан кейин ҳокимиятдан четлатилган иккинчи президентга айланади ва 60 кун ичида унинг ўринбосарини танлаш учун миллий сайлов ўтказилиши керак.
Бу Юн Сок Ёлнинг импичменти бўйича Миллий Ассамблеядаги иккинчи овоз бериш эди. 7 декабрь куни у импичмент бўйича овоз беришдан омон қолганди, чунки ҳукмрон партия қонунчилари кўпчилик овоз беришни бойкот қилганди. Ўшандан бери “Халқ кучи” партиясининг баъзи қонунчилари Юн Сок Ёлга қарши оммавий норозилик кучайиб, унинг маъқуллаш рейтинги кескин тушиб кетгани сабабли, иккинчи овоз беришда Юннинг импичменти учун овоз бериш ниятларини эълон қилганди.
Жанубий Кореяда 40 йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи марта бўлган Юннинг ҳарбий ҳолат жорий этиши бор-йўғи олти соат давом этди, бироқ катта сиёсий ғалаёнларга сабаб бўлди, дипломатик фаолиятни тўхтатди ва молиявий бозорларни чалкаштириб юборди. Парламент уни бекор қилиш учун бир овоздан овоз берганидан кейин Юн ўз фармонини бекор қилишга мажбур бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея парламенти Адлия вазири Пак Сон Чжэ ва полиция бош комиссари Чо Чжи Хога ҳарбий ҳолат жорий этилгани учун импичмент эълон қилганди. Вазирнинг истеъфосини 295 депутатдан 195 нафари қўллаб-қувватлаган, 100 нафари эса қарши чиққан. Чо Чжи Хонинг импичментини 202 нафар депутат маъқуллаган бўлса, 88 нафари қарши овоз берган ва бир депутат бетараф қолган.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь