Жанубий Корея Мудофаа вазири Ўзбекистонга қурол сотиш учун келдими?
Жамият
−
01 Август 2023 9260 2 дақиқа
Жанубий Корея Мудофаа вазири Марказий Осиёда янги қурол бозорини яратиш мақсадида Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда “The Korea Herald” хабар берди.
Айтилишича, Мудофаа вазири Ли Жонг Суп 31 июлдан 3 августгача Ўзбекистонда бўлади. Лининг Ўзбекистонга сафари унинг мамлакатга ташриф буюрган биринчи Жанубий Корея Мудофаа вазири бўлиши билан аҳамиятлидир.
“Ташриф давомида вазир Ли Жонг Суп икки давлат ўртасида мудофаа ва қурол-яроғ саноати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга йўл очади”, дейилади Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Мазкур сафар давомида Жанубий Корея-Ўзбекистон мудофаа саноатини ривожлантириш конференцияси ҳам бўлиб ўтади ва бу Ўзбекистон билан мудофаа соҳасида стратегик ҳамкорлик чора-тадбирларини муҳокама қилиш учун платформа яратиши кўзланган.
Шунингдек, Ли Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан учрашиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, икки давлат Мудофаа вазирларининг учрашуви 2015 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Қобул Бердиев Сеулга борганидан бери биринчи марта ўтказилган. Ўшанда Қобул Бердиев Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган FA-50 енгил жанговар самолёти симуляторини шахсан ўзи синаб кўрган.
Қайд этилишича, Жанубий Корея ва Ўзбекистон мудофаа ва қурол-яроғ саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқчи. Улар ҳамкорлик қўшма қўмита йиғилишлари ва ишчи даражадаги мудофаа сиёсати йиғилишларини ўтказган. Аммо Жанубий Корея ҳали Ўзбекистонга ўзида ишлаб чиқарилган асосий қуролларни сезиларли даражада экспорт қилмаган. Ҳозирча фақат кичик ҳарбий техника жўнатилган, холос.
Давлатлар ўртасида ишлаб чиқарилган қуролларни экспорт қилиш бўйича икки томонлама муҳокамаларга қарамай, бу музокаралар ҳеч қандай аниқ натижалар бермаган.
“Ушбу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Лининг сафари Ўзбекистонда потенциал қурол савдосига замин яратиш ва янги бозорга кириш учун катализатор вазифасини ўташини мақсад қилиб қўяди”, дея таъкидлаган масаланинг нозиклиги сабабли ўз номини ошкор қилишни истамаган ҳукумат манбалари.
Манбага кўра, Жанубий Корея Korea Aerospace Industries томонидан ишлаб чиқарилган FA-50 енгил жанговар самолётларини экспорт қилмиш ниятида, шунингдек, бошқа маҳаллий қуролларни, жумладан K9 ўзиюрар гаубицасини сотиш имкониятларини ўрганмоқда.
Live
Барчаси