Шов-шувли олимпиада якунланди
Спорт
−
11 Август
26318Тобора ниҳоясига яқинлашаётган Париждаги Олимпиада стартида фақатгина Диёранинг олтин медали билан овунаётгандик, финиш яқинлашгани сари Ўзбекистоннинг медаллари шу даражада кўпайиб кетдики, делегация умумжамоа ҳисобида кучли йигирматаликдан жой олишни уддалади ва Ўзбекистон Олимпиадалар тарихидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди. Ўзбек спортчиларининг Парижда довруғи достон бўлганидан ҳатто қўшни мамлакат давлат раҳбари Олимпиадада боксчи Ҳасанбой Дўсматов ва таэквондочи Улуғбек Рашидовга мухлислик қилаётганини ҳам яширмади. Яна бир боксчи Баҳодир Жалолов эса Парижда ўзбек спортчиларига яратилган шароитлардан нолиганларни нонкўр деб атади. Барибир дунё аҳли учун Олимпиада ташкилотчиликдаги қовунлар ва эркак боксчининг аёллар ўртасидаги жангларда қатнашиши билан ёдда қолди, дунё ўзбеклари учун эса бугун сўз очадиган мавзуларимиз билан хотирларга муҳрланади.
Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да ҳафта спорти таҳлили. Биз бошладик.
Тармоқларда Баҳодир Жалоловнинг фикри нотўғри талқинланмоқда
Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалоловнинг Парижда спортчиларга Ўзбекистон ҳукумати томонидан яхши шароит яратиб берилгани ва овқатланиш борасида ҳеч қандай муаммо йўқлиги ҳақида гапирган видеолари тарқалди.
Видеода Баҳодир Жалолов Париждаги шароитлардан нолиган ўзбек спортчиларини нонкўр деб атади.
Гап шундаки, 5 август куни футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Париждаги шароитларни танқид қилиб, бир қатор ёрдамчилари ва жамоа менежери Олимпия шаҳарчасига киритилмагани, жамоа жойлашган бинода ташкилотчилар айби билан кондиционерлар ишламагани, сувсиз қолгани, машғулотлар ва массаж жараёнлари кўнгилдагидек ўтмаганини айтди.
Ижтимоий тармоқларда эса, Жалоловнинг гаплари худдики Кападзега “тош отгандай” қилиб талқин қилинмоқда.
Маълум бўлишича, Кападзе ва унинг шогирдлари футбол баҳслари эртароқ бошлангани учун Парижга биринчилардан борган. Ўзбекистон делегациясига махсус овқатлар эса бироз вақт ўтгач етказилган.
Бу борада Баҳодир Жалолов QALAMPIR.UZ'га ижтимоий тармоқларда фикрлари нотўғри талқин қилинганини билдирди.
“Билдирган фикрларимни нотўғри талқин қилишди. Гапларим Кападзе ва унинг шогирдларига қаратилмаганди. Кападзе Париждаги ташкилотчиликни танқид қилгани кўриниб турибди. Мен эса бизда овқат масаласида муаммо бўлмаганини айтмоқчи эдим холос”, дейди Жалолов.
Маълумот учун, Баҳодир Жалолов Париж Олимпиадасидаги ярим финал жангини Тошкент вақти билан 8 августга ўтар кечаси ўтказади. Ғалаба Жалоловни кетма-кет иккинчи марта Олимпиада финалчисига айлантиради.
Улуғбек Рашидов икки карра Олимпиада чемпиони бўлди
Париж шаҳрида давом этаётган Олимпиада ўйинларининг таэквондо баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Улуғбек Рашидов кетма-кет икки карра Олимпиада чемпионига айланди.
-68 кг вазн финалида Рашидов иорданиялик Зайид Каримга қарши даянга чиқиб, рақибини мағлубиятга учратди.
Финалгача 22 ёшли ўзбекистонлик таэквондочи Гонгконг, Хитой ва испаниялик рақибларини доғда қолдирди.
Шундай қилиб, Рашидов Ўзбекистон делегациясига Париж Олимпиадасидаги иккинчи олтин медални келтирди. Бунгача дзюдочи Диёра Келдиёрова Ўзбекистон ҳисобида дастлабки олтин медални қўшиб қўйганди.
Ҳасанбой Дўсматов ҳам икки карра Олимпиада чемпиони бўлди
Париж шаҳрида тобора ўз поёнига етиб бораётган Олимпиада ўйинларининг бокс баҳсларида финал жанглари бошланди.
-51 кг вазнда ҳал қилувчи жангга етиб келган Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов олтин медаль учун жангда мезбонлар боксчиси Беннама Билолга қарши рингга кўтарилиб, ғалаба қозонди ва икки карра Олимпиада чемпионига айланди.
Қайд этиш жоиз, Дўсматов ўтган йили Тошкентда ўтказилган Жаҳон чемпионати финалида ҳам Билол билан жанг қилиб, рақибини 1-раунддаёқ нокаутга учратганди.
Ҳасанбой Дўсматовга мухлислик қилдим – Тўқаев
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Остонадаги учрашувида Президент Шавкат Мирзиёевни ўзбекистонлик спортчиларнинг Олимпиададаги натижаси билан табриклади Тўқаев Мирзиёевни қутлар экан, Ўзбекистоннинг икки спортчиси икки карра Олимпия чемпиони бўлганини таъкидлади.
“Олимпиададаги муваффақият билан табриклайман! Боксчи Ҳасанбой Дўсматов Олимпиада чемпиони бўлди. Таэквондочиларингиз ҳам чемпионлик унвонини қўлга киритди. Ҳаммамиз мухлислик қилдик”, деган Тўқаев.
Ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз миннатдорчилигини билдирган.
Мирзиёев икки карра Олимпиада чемпионларини телефон орқали табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Париж Олимпиадасида ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалларни қўлга киритган ҳамда икки карра Олимпиада чемпионига айланган таэквондочи Улуғбек Рашидов ва боксчи Ҳасанбой Дўсматов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари спортчиларни табриклаб, терма жамоа томонидан бир кун ичида Олимпиаданинг иккита олтин медали қўлга киритилгани Ўзбекистон спорти учун тарихий воқеа бўлганини қайд этган. Ўз навбатида Улуғбек Рашидов ва Ҳасанбой Дўсматов Президент Мирзиёевга қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган.
Маълумот учун, Париж шаҳрида давом этаётган Олимпиада ўйинларининг таэквондо баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган 22 ёшли Улуғбек Рашидов кетма-кет икки карра Олимпиада чемпионига айланди. Шунингдек, -51 кг вазнда ҳал қилувчи жангга етиб келган Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов олтин медаль учун жангда мезбонлар боксчиси Беннама Билолга қарши рингга
кўтарилиб, ғалаба қозонди ва икки карра Олимпиада чемпионига айланди.
Асадхўжа Мўйдинхўжаев Олимпиада чемпиони бўлди
Франция мезбонлиги остида ўтаётган Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс бўйича финал учрашувида -71 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Асадхўжа Мўйдинхўжаев Мексика вакили Марко Алонсо Верде Альваресга қарши рингга кўтарилди ва уни мағлуб этиб, Париж Олимпиадасининг олтин медалига эга бўлди.
Ўзбекистон делегациясининг турнирдаги медаллари сони 7 тага етди - 4 та олтин ва 3 та бронза.
Лазизбек Мулложонов ҳам Олимпиада чемпионига айланди
Олимпиада ўйинларидаги баҳслар тобора охирлаб бормоқда. Бокс бўйича финал учрашувида 92 килограммгача бўлган вазн тоифасида Осиё чемпиони, ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони, 2022 йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори ўзбекистонлик Лазизбек Мулложонов асли кубалик бўлган Озарбайжон вакили Алфредо Домингезга қарши рингга кўтарилди.
Қизғин ўтган жангда Лазизбек Мулложонов ғалабага эришди ва Ўзбекистон делегациясига навбатдаги олтин медални тақдим қилди.
Мулложоновнинг ғалабасидан сўнг Ўзбекистон делегациясининг турнирдаги медаллари сони 8 тага етди - 5 та олтин ва 3 та бронза.
Бироз олдин бокс бўйича финал учрашувида -71 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Асадхўжа Мўйдинхўжаев Мексика вакили Марко Алонсо Верде Альваресга қарши рингга кўтарилганди ва уни мағлуб этиб, Париж Олимпиадасининг олтин медалига эга бўлганди.
LiveБарчаси