“Жалол Эски шаҳар” раҳнамолигидаги жиноий гуруҳ аъзолари ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўзидан “кўча” ясаб олган “Жалол Эски шаҳар” ва “Дикий” лақабли шахслардан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, жиноий гуруҳга 1988 йилда Қарши шаҳрида туғилган исми Ж.И., лақаби “Жалол Эски шаҳар” бўлган шахс бошчилик қилган. Шунингдек, гуруҳда 1985 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган Т.Н. исмли, лақаби “Дикий”, муқаддам Жиноят кодексининг 109-(Қасддан баданга енгил шикаст етказиш), 277-(Безорилик),166-(Талончилик) ва 250-(Портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) моддалари билан судланган эркак ва М.М. исмли, “Борзий” лақабли 1994 йилда Қарши туманида туғилган фуқаролар ҳам бўлгани аниқланган.

Ушбу жиноий тўда кўча йўли орқали қарз ундириш билан шуғулланиб келган. Аниқланишича, Самарқанд вилоятида яшовчи “Мажор” лақабли тадбиркор ундан 520 млн сўм қарз бўлган Яккабоғ туманида яшовчи таниши А. дан пулларини вақтида ололмагач, қарзини ундириш учун ёллама шахсларни жалб қилган.

Жиноий гуруҳ “Жалол Эски шаҳар” етакчилигида А. ни мунтазам таъқиб қилиб, ҳатто яшаш уйига бостириб кириб, шахсий ҳужжатларини тортиб олиб, 520 млн сўм талаб қилган ва ушбу маблағ берилмаса, ўзи ва оила аъзоларини ўлдириш билан қўрқитиб келган.

Буюртмачи топшириғи асосида ҳаракат қилган жиноий гуруҳ аввалига 1000 АҚШ доллари, шунингдек, қарздордан банк пластик картаси орқали 200 млн сўм ва кейинчалик яна 300 млн сўм маблағни қабул қилиб олган ва буюртмачи тадбиркорга бермасдан ўзлаштириб юборган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу жиноий гуруҳнинг 4 нафар аъзоси ҳамда буюртмачи А.Ф. қўлга олинган. Уларга нисбатан Яккабоғ тумани ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида “Молоток” лақабли зўравон ва унинг гуруҳи қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё жиноий гуруҳ тезкор тадбир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг