Жаҳон банки Ўзбекистонга яна $143 млн қарз беришга рози бўлди

Жамият

image

Жорий йилнинг 24 июнь куни Жаҳон банкиниг ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 143 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу маблағлар мамлакат ҳукумати томонидан жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳасини молиялаштириш ва қурилиш секторида “яшил” энергияга инвестицияларни жалб қилиш бўйича институционал ва норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш учун сарфланади.

Имтиёзли молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан паст фоиз ставкаси бўйича 30 йил муддатга, шу жумладан беш йиллик имтиёзли давр билан тақдим этилади.

Ўзбекистонда якуний энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади, иккинчи ўринда саноат (22 фоиз) ва транспорт (20 фоиз) соҳалари туради. Туман шифохоналарида истеъмол қилинадиган умумий энергиянинг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ врачлик пунктларида 88 фоизи ва мактабларда 97 фоизи биноларни иситиш учун сарфланади.

“Жамоат биноларининг аксарияти 1970 ва 1980-йилларда қурилган ва уларда энергия самарадорлигига катта эътибор қаратилмаган. Ушбу иншоотларнинг иссиқлик изоляцияси қониқарсиз даражада ва улар ҳарорат қулайлиги стандартларига жавоб бермайди. Бу биноларда энергия истеъмоли юқори даражада бўлган эски қозонхоналар ва сув иситиш тизимларидан фойдаланилади”, дейилади ЖБ хабарида.

Жаҳон банкининг 2021 йилги тадқиқотидан маълум бўлишича, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали йилига 7000 гигаватт-соатдан (ГВт/соат) ортиқ энергия тежалиши мумкин, шундан тахминан 6810 ГВт/соати иссиқлик ва 240 ГВт/соатдан кўпроғи электр энергияси кўринишида.

“Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган ушбу янги лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Лойиҳа бинолар секторининг ўзгарувчан иқлим шароитларига тайёргарлигини ошириш, энергия сарфини камайтириш ва атмосферага иссиқхона газлари чиқиндилари чиқаришни қисқартиришга ёрдам беради. Бу яқинда қабул қилинган Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалардан биридир. Унинг устувор йўналишлари орасида миллий иқтисодиётнинг экологик барқарор ўсишга ўтишида Ўзбекистонга кўмаклашиш ҳам бор”, дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Лойиҳа Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва унинг бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси (ТЕЖ) томонидан амалга оширилади. Жамғарма 2020 йилда иқтисодий, ижтимоий ва турар-жой соҳаларида инвестицияларни жалб қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган.

Лойиҳа доирасида ТЕЖ мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарларда жойлашган мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш вазирликлари муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича тадбирларни молиялаштиради.

Лойиҳа ушбу жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар уларнинг иссиқлик изоляцияси ва иситиш, вентиляция, ҳаво алмашиши ва ёритиш тизимларини такомиллаштиришни ўз ичига олади. Шунингдек, тегишли муассасалардаги кўмир қозонлари қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган иситиш ва сув иситиш тизимларига алмаштирилади. Масалан, иссиқлик насослари ва қуёш коллекторлари билан бирлаштирилган қуёш панеллари ўрнатилиши мумкин.

Лойиҳа доирасида қамраб олинадиган жамоат бинолари етарли даражада иситолмаслик ёки қизиб кетишнинг олдини олиш учун миллий ҳарорат қулайлиги стандартларига мос келадиган тарзда модернизация қилинади.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги энг йирик дастурлардан биридир. У 5,4 миллиард долларлик молиявий мажбуриятларга эга 29 та лойиҳадан иборат. Лойиҳалар турли соҳаларда давлат режаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. Масалан, муҳим макроиқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш, сув таъминоти ва канализация, энергия самарадорлиги, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, инновациялар, солиқ ва статистика тизимларини ислоҳ қилиш йўналишларида.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон банки

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг