Жаҳон банки Ўзбекистонга $50 млн қарз беряпти. Қарзни ким тўлайди?

Олам

image

Жаҳон банки Ўзбекистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратади. Бу ҳақда ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилган

Қайд этилишича, ЖБ ижрочи директорлари кенгаши  Ўзбекистонга имтиёзли кредит беришни маъқуллаган. Ушбу кредит молиялаштириш миллий статистика тизимини модернизация қилиш бўйича беш йиллик лойиҳани амалга ошириш учун сарфланади. Кредитни қоплаш бўйича муддат эса 30 йил бўлиб, 5 йиллик имтиёзли давр ҳам берилади. 

Таъкидланишича, 2020–2025 йилларга мўлжалланган статистикани ривожлантиришнинг Миллий стратегияси турли хил мақсадларга эришиш учун муҳим бўлган бир нечта компонентларни ва чора-тадбирларни ўз ичига олади:

1-компонент: Институционал ислоҳот ва Давстатқўмнинг салоҳиятини ривожлантириш. 

Лойиҳа миллий статистика тизимининг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, шунингдек Давстатқўмнинг операцион, бошқарув ва кадрлар бўйича салоҳиятини яхшилашга йўналтирилган қатор чора-тадбирларни амалга оширади. Статқўм ходимлари учун профессионал тайёрлов дастурлари, шунингдек мамлакатдаги олий таълим муассасалари учун статистика бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилади, жорий қилинади ва амалга оширилади.

2-компонент: Статистик маълумотларнинг ишлаб чиқилиши. 

Лойиҳа статистикани ривожлантириш бўйича Миллий стратегияда кўрсатиб ўтилган энг муҳим статистик маълумотлардаги етишмовчиликларни бартараф этиш, шунингдек уларни йиғиш ва таҳлил қилиш жараёнларини модернизация қилишга кўмаклашади. Хусусан, миллий ҳисоблар тизими (мамлакатдаги иқтисодий вазиятни таърифлаш ва таҳлил қилишда қўлланилади), аҳоли фаровонлиги мониторинги тизими (масалан, демография, асосий маҳсулотларнинг нархлари, гендер, камбағаллик ва бандлик масалалари бўйича статистикалар) ҳамда атроф-муҳит билан боғлиқ маълумотлар янгиланади. Турли хил статистик методлар, стандартлар ва регистрлар такомиллаштирилади. Ушбу компонент 2023-2024 йилларга режалаштирилган аҳоли ва уй-жой фонди, қишлоқ хўжалигини умуммиллий рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишни қўллаб-қувватлайди. Ушбу рўйхатга олиш ишлари Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг биринчи маротаба ўтказилади.

3-компонент: Давстатқўмнинг моддий-техник таъминоти ва статистик маълумотларни тарқатишни яхшилаш. 

Ушбу  компонент Давстатқўмнинг статистик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ишларини молиялаштиради. Маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш учун ахборот-коммуникациялари қурилмалари, қоғоз архивларни рақамлаштириш тизимлари, статистик маълумотларни қайта ишлаш учун лицензияланган дастурий таъминот, компьютер ва планшетлар харид қилинади ҳамда Давстатқўмнинг марказий аппаратидаги ва ҳудудий бўлинмаларидаги ходимлари орасида тарқатилади.

Шунингдек, лойиҳа Давстатқўмни маълумотларни йиғиш ва тарқатиш учун қоғоз ҳужжатлардан электрон қурилмаларга ўтишида ёрдам беради. Бундан ташқари, статистик йилномалар ва соҳалар бўйича турли хил статистик маълумотлар ўрин олган ҳисоботлар чиқарилиши йўлга қўйилади. Давстатқўмнинг расмий вебсайтини ва унинг платформасида жойлаштирилган турли хил маълумотлар базаларини ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

423

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг