Жаҳон банки Россия ва Украина иқтисоди уруш сабаб қанчалик қулашини эълон қилди
Олам
−
11 Апрель 2022
11368Жаҳон банки уруш ва санкциялар натижасида Украина ва Россия иқтисодиёти қанчалик пасайишини ҳисоблаб чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Россия босқинчилиги корхоналарнинг ёпилишига, экспорт ҳажмининг қисқаришига ва ишлаб чиқариш қувватларининг йўқ қилинишига олиб келди.
Жаҳон банки жорий йилда санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти 11 фоиздан кўпроққа қисқаришини башорат қилмоқда.
Украина учун ҳам прогноз салбий. Банкирлар Украина ишлаб чиқариши бу йил ҳайратланарли даражада 45,1 фоизга қисқариши мумкинлигини тахмин қилган.
Украина ишчи кучининг катта қисми қочишга ёки жанг қилишга мажбур бўлди. Корхоналар ёпилган, йўллар, заводлар ва бошқа инфратузилмалар вайрон бўлган, Жаҳон банки эса йиллар давомида эришилган ютуқлар йўқ қилинганини айтган.
Шунингдек, иқтисодий зарар Шарқий Европа ва Марказий Осиёда COVID-19 пандемияси келтирганидан кўра кўпроқ бўлиши тахмин қилинмоқда.
Қора денгиздаги Украина портларининг ёпилиши мамлакатдан ғалла экспортининг тахминан 90 фоизга, шунингдек, умумий экспортнинг қарийб ярмига қисқаришига олиб келган.
Жаҳон банкининг таъкидлашича, уруш Украинанинг катта ҳудудларида иқтисодий фаолиятни имконсиз қилган, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаш ва ҳосилни йиғиб олишга тўсқинлик қилган.
“Россия босқинчилиги Украина иқтисодиётига қаттиқ зарба бериб, унинг инфратузилмасига катта зарар етказмоқда. Украина зудлик билан катта молиявий ёрдамга муҳтож, чунки у ўз иқтисодиётини сақлаб қолиш учун курашмоқда ва ҳукумат экстремал вазиятга дуч келган Украина фуқароларини қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат қилмоқда”, деган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бжерде.
УНИАНнинг хабар беришича, Украина ялпи ички маҳсулоти 2022 йилнинг биринчи чорагида Россия бошлаган уруш туфайли ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга камайган. Иқтисодиёт вазирлиги Украина ялпи ички маҳсулотининг йиллик пасайиши 40 фоизга етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь