Зеленскийнинг рафиқаси сиёсат билан шуғулланишни истамаслигини маълум қилди
Олам
−
28 Июнь 2023
9246Украина Президентининг рафиқаси Елена Зеленская Биринчи хоним бўлишни тўхтатганидан кейин ўзини сиёсатда кўрмаслигини айтди. Бу ҳақда у “РБК-Украина”га берган интервьюсида маълум қилди.
"Бу менинг соҳам эмас. Мен буни хоҳламайман, мен бунга интилмайман. Шунинг учун, бу ҳеч қачон содир бўлмайди", деган Зеленская.
Унинг сўзларига кўра, хорижга сафари чоғида у нафақат гуманитар масалаларни кўтариши, балки Киевга қурол етказиб беришни ҳам сўраши керак.
“Мен ҳар доим қурол ҳақида фақат тинч аҳолини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан гапираман. Ва, албатта, мен ҳар доим катта дипломатик корпусимиз, Президент девонимиз билан нима дейишим, нима қила олишим ҳақида маслаҳатлашаман. Мен фақат ўз номимдан гапира оламан. Ва мен буни қилишда давом этаман”, дейди Зеленская қурол сўраш Биринчи хонимларга хос эмаслигини таъкидлаб.
Унинг қўшимча қилишича, Биринчи хоним давлат раҳбарининг қарорларига таъсир ўтказа олмайди ва Президент у билан бу борада маслаҳатлашмайди.
Шунингдек, Зеленская 2023 йилда Биринчи хонимлар ва жанобларнинг учинчи саммитини ўтказиш режалаштирилганини айтган. Киев тадбир учун жой ажратмоқчи. Унинг сўзларига кўра, тадбир кузда бўлиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 16 май куни Сеулга борган Украина Биринчи хоними Елена Зеленская Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёлдан Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва замонавий технологиялар билан ёрдам беришни сўраганди.