Зеленский НАТОни Украинанинг эски метроси турникетига қиёслади
Олам
−
29 Июнь 2022
9444Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 29 июнь куни Мадриддаги НАТО саммитида видеоконференцалоқа орқали сўзлаган нутқида Украинани альянсга қабул қилмагани учун аъзо мамлакатларни қоралади.
“Бизга нима кераклигини айта оламан: бизга хавфсизлик кафолатлари керак ва сиз умумий хавфсизлик маконида Украина учун жой топишингиз керак”, дейди у.
У сўзида давом этаркан, НАТОнинг фаолиятини Украинанинг эски метроси турникетига қиёслади.
“НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсати эски Киев метросининг турникетларига ўхшамаслиги керак: улар очиқ, кирсангиз, тўлов қилмасангиз турникетлар ёпилади. Украина кам бадал тўладими? Ҳам Европани, ҳам бутун цивилизацияни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссамиз ҳали ҳам етарли эмасми? Хўш, яна нима керак?”, дейди Зеленский.
У келажакда вазият янада ёмонлашишини ҳам башорат қилган.
“Келгуси йилда вазият бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин, Россия нафақат Украинани, балки қўшни давлатларни ҳам ўққа тутади. Шу боис, Украина Президентининг фикрича, альянс олдида иккита йўл бор: ё ғалаба учун етарли бўлган Украинага шошилинч ёрдам, ёки Россия ва НАТО ўртасидаги кейинга қолдирилган уруш”, дейди Зеленский.
Зеленский яна НАТОни Украинани нафақат қурол-яроғ билан, балки молиявий, шунингдек, Россия Федерациясига қарши санкциялар билан ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди.
“Бизга қурол бериб, Россиянинг тактикасини бутунлай бузиб ташлашингиз мумкин. Бу асосий нарса. Киевдан Мадридгача бўлган масофа бизга қарши қўлланилган ракеталарнинг масофасидан ҳам камроқ. Бир давлат ҳамкорлар ёрдамисиз бундай таҳдидга қандай жавоб бериши мумкин? Сиз ушбу ёрдамни тақдим этишингиз мумкин”, дейди Зеленский.
LiveБарчаси