Ҳамма сир ҳисоб-китобдами? Ёхуд Гвардиоланинг мувафаққият калити
Таҳлил
−
07 Март 2019
6896Замонамизнинг энг совриндор мураббийларидан бири Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити” билан Англия лига кубогини ютиб олди. Этиборлиси бу унинг фаолияти давомидаги 25 совринга айланиб ва ўзининг ашаддий рақиби Жозе Моуриньога етиб олишига ёрдам берди. Лекин айни дамда биз сиз билан унинг совринлари ҳақида эмас, ҳисоб-китобга асосланган фаолияти устида суҳбатлашмоқчимиз.
Пеп бир неча йиллар олдин «Барселона» билан хайрлашар экан: «Мураббий бир клубда уч йилдан кўп ишлай олмайди, агар ишламоқчи бўлса, жамоани янгитдан қуриши керак» деган эди. Гвардиола «Барселона-Б» билан мувофақиятларга эришгач, каталонияликлар клуби раҳбарияти ҳеч иккиланмасдан ёш мураббийга асосий жамоани ишониб топширдилар. Раҳбарият ўшанда Пеп билан икки йиллик шартнома тузган эди. Илк мавсумдаёқ ўзи иштирок этаётган барча турнирларда ғолибликка эришган Гвардиола бутун футбол аҳлининг эътиборини ўзига қаратиб олди. Бутун ўйин давомида тўпни назорат қилиш ва комбинатсиён ҳужумкор футбол – ер юзидаги барча мухлисларни лол қилиб қўйган эди.
Иккинчи мавсумни ҳам у бирмунча мувофақиятли ўтказиб, испан премиросида чемпионликни қўлга киритди. Ўша мавсум ЕЧЛда ҳам “Барселона” фаворит сифатида эътироф этилган бўлсада, Миланнинг “Интер” клуби кучли ҳимоявий ўйин ҳисобига, каталонияликларни ярим финалда тўхтатиб қолишган эди. Бу омадсизлик ҳам клуб раҳбарларининг Гвардиолага яна икки йиллик шартнома таклиф этишига тўсқинлик қила олмади. Лекин ёдингизда бўлса ўшанда мураббий ва раҳбарият ўртасидаги музокара анча вақтга чўзилиб кетади. Негаки, Пеп бир йиллик шартномани хоҳлаётган эди. Клубдагилар эса уни узоқроқ муддатга олиб қолишни хоҳшлашди. Охир-оқибат, икки йиллик шартномага имзо чекилди.
Ўшанда Гвардиоланинг инжиқликларига тушунмаган эдим. Нега энди бир йил? Кучли жамоа тузилган бўлса, бошқараверса бўлмайдими? Шу сабаб мураббийни ва унинг жамоасини диққат билан кузата бошладим. Пеп ўзининг учинчи мавсумида жамоасини энг юқори чўққига олиб чиқди. Яна миллий биринчиликдаги чемпионлик ва мамлакат кубоги, ортидан Европа клубларининг энг нуфузли турниридаги ғалаба. Бироз ўтиб уларнинг ёнига мамлакат ва Европа суперкубоги, қишда эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблиги қўшилди. Бир қарашда ҳаммаси силлиқ кечаётгандек эди, лекин…
Лекин, айнан тўртинчи мавсумга келиб, Гвардиола сезган ва кутган инқироз бошланди. “Барселона” миллий чемпионатда пешқадам “Реал”дан анча ортда қолиб кетди. Жамоа кутилмаганда ўртамиёна клублар билан ўйинларда гоҳ дуранг ўйнаб, гоҳ мағлубиятга учрай бошлади. Чунки кўпчилик бу пайтга келиб Гвардиоланинг тактик ҳийлаларини ўрганиб бўлган эди. Футболчилар эса мураббийдан ўрганиши керак бўлган сабоқларни ўзлаштириб бўлган, бундан ортиқ мукаммалликнинг имконини топиб бўлмас эди. Айнан “Барселона”даги охирги мавсумида Гвардиола жуда кўп куч йўқотди. Бу охирги ўйинларда билиниб турарди. Мисол учун, “Реал” билан бўлган иккинчи даврадаги чемпионлик масаласини ҳал қилган ўйинда мураббий бир нечта қарорларда хатоликка йўл қўйди. Оқибатда, премьеро чемпионлиги бой берилди. ЧЛ ярим финалидаги “Челси” билан ўтказилган ўйинлар эса Гвардиоланинг ўзига ҳаммаси якунланиб бораётганини англатиб берди, гўё. Шу ўйиндан сўнг мураббий жамоадан кетмоқчилигини билдирди. Буни эшитиб ҳамма аюҳаннос солиб юборди. Нега энди? Кучли футболчилар бўлса, клуб билан яқиндан таниш мураббий жамоани тезлик билан ўзгартириб юбориш мумкинку? У бу каби саволларни эшитишни ҳам хоҳламасди. Ҳаммани йиғиб, жимгина, хотиржамлик билан: “Ҳаммаси тугади, мен кетаман” деб айтди у. Бўлди. Энди тамом. Ҳамма учун эртак якунланганди, гўё. Шундай қилиб у Каталонияни тарк этди.
Бу пайтда унинг “ишқида ёнаётган” гранд клублар анчагина эди. Улар Пепнинг ўз жамоаларини бошқариши учун барча нарсани муҳайё қилмоқчи бўлдилар. Лекин Гвардиола руҳий жиҳатдан толиққанини билдириб, бир йил дам олмоқчи эканлигини эълон қилди ва кўпчиликнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан, ўз оиласини олиб океан ортига жўнаб кетди.
Дам олиш жараёнида билдирилган таклифларни ўрганиб чиқар экан, у ўзига муносиб деб Мюнҳеннинг “Бавария”сини танлади. Нега энди миллиардерлар пул тикаётган «Челси», “Манчестер Сити”, ёки “ПСЖ” эмас “Бавария”ни танлади у? Бунга бир қанча сабаблар бор. Ҳозир буни бир-бир кўриб чиқамиз.
“Бавария” бундес лигада энг кучли клуб ҳисобланади. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Бундес лиганинг ҳар қандай гранд клубида ўйнаётган футболчи “Бавария”да ўйнашни хоҳлайди. Агар хоҳламаса... Хуллас, “Ҳолливуд ФК” исталган футболчини таркибига қўшиб олишни қийинчиликсиз эплайди.
Иккинчидан, “Бавария” ҳар йили миллий чемпионатнинг асосий фаворити ҳисобланади. Кўпчилик қатори Гвардиола ҳам яхши тушунадики, бундес лигада “Бавария” билан чемпионлик соврини 90 %га чўнтакда дегани. Хўш, Гвардиола шу сабабдан Мюнҳенни танлаганмиди? Асло ундай эмас. Пеп ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритилган ғалабаларни хушламайди. Унга ҳақиқий кураш таклиф этадиганлар ёқади. У бундес лига чемпионлиги учунгина “Бавария”ни танламаганди. Пеп бу жамоа билан ҳам ЕЧЛни ютмоқчи эди. Нега “Бавария” билан?
Чунки бу жамоа Гвардиола билан шартнома тузгунга қадар 2011 ва 2013- йилги мавсумларда икки марта ЕЧЛ финалига чиқиб бу ўйинларда имкониятни бой бериб қўйган эди. Шу сабабдан ЕЧЛни ютиш иштиёқи бошқаларга нисбатан бу жамоада кучлироқ эди. Пеп буларнинг ҳаммасини ҳисоблаб чиқиб, бу вариантни танлади. Кучли таркиб бор эди. Уларга фақтгина тўгри йўл кўрсатилса бўлгани, ҳаммаси ўз-ўзидан келаверарди.
Аслида Гвардиола келмасданоқ ҳам жамоа кучли эдию, бироқ мураббий масаласи бирмунча ожиз нуқтадек туюлаётган эди. Бунга сабаб, у жамоа билан шартнома тузмасдан аввал ўтмишнинг буюк мураббийларидан бири Юп Ҳайнкес бошқараётганди. У клуб билан илк мавсумини ўта омадсиз ўтказган эди. Чемпионатда “Боруссия Дортмунд”дан кейин иккинчи ўрин, мамлакат кубоги финалидаги “Боруссия”да учралган аламли мағлубият, ЕЧЛ финалида ўз уйида “Челси”га бой берилган ўйин. Буларнинг ҳаммаси қария Ҳайнкеснинг даври ўтиб қолганини англатаётгандек эди, гўё. Гвардиола буларни ҳисобга олдию, Хайнкеснинг олдида яна бир мавсум турганлигини эсдан чиқарди, ёки яна Хайнкес халқаро майдонда омадсизликка юз тутади, деб ўйлади.
Бахтга қарши, “Бавария” ўша йили Юп билан ўзи иштирок этаётган ҳамма мусобақани ютиб олди. Буниси эса Гвардиола учун ҳақиқий муаммони келтириб чиқарарди. Негаки, ҳамма нарсани ютиб олган футболчиларда кейинги мавсум учун иштиёқ бироз сўниб қолиши мумкин эди. Пеп энди уларни янги ғалабалар йўлида илҳомлантириши зарур эди. Қолаверса, маҳаллий мухлислар натижа борасида Пепни Ҳайнкес билан солиштирардилар. Бу эса у учун яна бир қўшимча муаммога айланарди. Бу пайтга келиб Пеп жамоа билан уч йиллик шартнома тузиб бўлган, ўйлаб кўриш учун вақт ҳам, қайтиш учун ортга йўл ҳам йўқ эди.
Гвардиола енг шимариб ишни бошлади. Биринчи мавсум бир қарашда “Бавария” кўнгилдагидек ҳаракатланди. Европа суперкубоги, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги, мавсум сўнгида эса Германия чемпионлиги ва кубоги. Лекин ЕЧЛ баҳсларида унинг жамоаси ўша мавсум Мадриднинг “Реал”ига сўзсиз таслим бўлган эди. Шу сабабданми кўпчилик Гвардиоланинг “Бавария”даги мувафақиятларини тан олишни истамади. Ҳаттоки, “Бавария”нинг бир қатор афсоналари ҳам Пепдан кўпроғини кутишганларига шама қилишди.
Футболни таҳлил қилишни ўринлатадиган мутахассислар эса якунланган ўша мавсум ҳақида бошқача фикрда эдилар. Улар “Бавария” жамоасининг ўйинлари умуман бошқача кўриниш олганлигини пайқай олишди. Гвардиола “Барселона”дагидан фарқли равишда мюнҳенликлар учун алоҳида тактика ишлаб чиқди. Жуда кўпчилик бу фикрга қўшилмасликлари тайин. Сабаби оддий: “Бавария” ҳам “Барселона” каби тўпни назорат қилишга эътиборини сарфладику.
Ҳа, “Ҳолливуд ФК” ҳам бутун ўйин давомида тўпни назорат қиларди, лекин ўйинни олиб бориш, футболчиларнинг майдондаги тактик жойлашуви ҳам Пепнинг Каталониядаги давридан фарқланарди. Мурббий “Барселона” билан ўтказган тўрт йиллик фаолияти давомида асосан “4-3-3” тактик схемасидан фойдаланди. У ҳужумда уч футболчини майдонга туширарди. Бу ҳолат рақиб ҳимоячиларининг улкан босимниҳис қилиб туришларига сабаб бўларди. Бу босим эса охир оқибат рақиб ҳимоясида хатоликни юзага келтирар эди. Гвардиола Мюнҳенда “4-5-1” схемасини ишга солди. Тактикага кўра етакчилик яримҳимоячиларга топширилди. “Барса”да эса бу вазифани ҳужумчилар учлиги бажарар эди.
Бу тактика остидаги ўйинбарча футбол мухлисларига хуш ёқиб тушди. Гвардиола бундес лигада етакчиликни қўлига олди. Буни уч мавсум давомида қўлга киритилган учта “олтин товоқ” ҳам исботлаб турибди. Қолаверса, Пеп жамоаси билан чемпионликни энг эрта қўлга киритиш бўйича рекорд ҳам ўрнатди. Финишгача еттита тур қолганда чемпионликни қўлга киритиш, кучли бешлик чемпионатлари бўйича бирорта ҳам клубга насиб қилмаган эди.
Гвардиола нафақат «Бавария»нинг балки Германия миллий терма жамоасининг ҳам ўйинига ижобий таъсир кўрсата олди. Буни ҳозирга келиб бутун олмон халқи тан олмоқда. Ҳаттоки, немис футболи афсонаси Лотар Маттеюс 2014 йилги жаҳон чемпионатидаги Германиянинг мувофақиятида Пепнинг ҳам бевосита хизмати бор эканлигини айтиб ўтди.
Тўғри, Гвардиола бошқарувида мюнҳенликлар ЕЧЛ ғолиблигини қўлга кирита олишмади. Лекин бу нарса Гвардиоланинг жамоа билан қилган меҳнатларига ва унинг обрўсига ҳеч қандай соя сола олмайди. У “Бавария” билан уч йилда еттита совринни ютиб олди. Германияда биргина мамлакат суперкубоги Пепга буйсунишни хоҳламади холос.
Гвардиола “Ҳолливуд ФК” билан ЕЧЛни ютишни жуда хоҳлади. Ёдингизда бўлса, клуб раҳбарияти у билан шартномани узайтиришни жуда хоҳлаган бўлсада у буни рад этди. Негаки, у тузган жамоа бу йил ўзининг энг юқори чўққисига етиб келган эди. Қайсидир манода шуларни ҳисобга олиб, мураббий жамоасининг охирги мавсумида ЧЛни қўлга киритишига жуда ишонгандир балки.
“Барселона”нинг ўшбу мавсумда ЕЧЛнинг чорак финалидаёқ мусобақани тарк этиши, “Бавария”нинг имкониятларини ошириб юборган эди. Лекин кутилмаганда Семёне бошчилигидаги “Атлетико” уларни бу бахтдан маҳрум этди. Шу ўринда битта нарсани тан олиш зарур: Гвардиола бошчилигидаги “Бавария” Мадриднинг “Атлетико”сидан ҳар жабҳада устун эканлигини икки ўйинда ҳам кўрсата олди. Аммо сотиб олиб бўлмас омад деганлари “матрасчилар”га кулиб боққан эди ўша куни.
Нима бўлганда ҳам Пепнинг Мюнҳендаги даври ўз интиҳосига етди. Мураббий эса кейинги иш жойи сифатида ер юзининг энг қизғин лигасини танлади. Гвардиола «Манчестр Сити»га шунчаки ақлбовар қилмас маош учун ўтгани йўқ. У «шаҳарликлар» билан аввало Аплда ўз гегемонлигини ўрнатишни хоҳлаб Англияга кўчиб ўтди. Илк мавсумда у ўз ниятлари учун пойдевор ясаган бўлса, ўтган мавсумдан бошлаб ҳаммасини жиловлашга ўтди. Ҳозир Англиядаги ҳар қандай клуб «Манчестер Сити» олдида қалтирашни бошлайди, ҳаттоки гранд клублар ҳам. Испаниялик мутахассис ҳаммасини яхши бошқармоқда. Унинг ҳозирдаги асосий мақсади эса Европадаги энг нуфузли совринлардан бири ҳисобланган «шалпангқулоқ»ни Сити уй музейига олиб кетиш. Уни кузатаётганлар эса бу мавсум сўнгида Пеп бунга муносиб деб ҳисоблашмоқда. Мураббий ҳам жамоаси билан бунга ҳозирлик кўраяпти. Зеро, бунинг учун уларда ҳамма нарса муҳайё: яхши футболчилар ва унданда яхши моддий ҳолат.