Зангиотада ИИБ ходимлари фуқарони калтаклагани айтилмоқда
Жамият
−
12 Ноябрь 2021
7405Ижтимоий тармоқларда Зангиота тумани ИИБ ходимлари томонидан фуқарога тан жароҳати етказилганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Унда эркак ИИБ ходимлари уни 6 соат давомида яланғоч ҳолда совуқда сақлашганини ҳам айтган. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 11 ноябрь куни кечки соат 20:00 ларда Зангиота тумани, “Рамадон” маҳалла фуқаролар йиғини, Марказий кўчасида яшовчи фуқаро У.Х. (она) мурожаат қилиб, ўғли, ишсиз, 1974 йилда туғилган У.М. мунтазам равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилишини, айни вақтда уйда жанжал қилиб, онаси ва яқинларига тазйиқ ўтказаётганини айтиб, ёрдам сўраган.
Воқеа жойига етиб борган Зангиота тумани ИИБ ходимлари томонидан тартиббузар қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 (Майда безорилик), 187 (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) ҳамда 194 (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддалари билан материаллар расмийлаштириш вақтида, фуқаро У.М. ИИБнинг маъмурий биносидан қочиб кетиб, гўёки унга нисбатан куч ишлатилгани ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатган.
Ҳозирда фуқаро У.М. ички ишлар органларига олиб келинган ҳамда унга нисбатан, юқоридаги моддаларга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40 (Туҳмат) билан материаллар расмийлаштирилиб судга тақдим этилган.
Тошкент вилояти ИИББ Матбуот котибининг маълум қилишича, фуқаро У.М. ИИБ биносига олиб келинган вақтида Тез тиббий ёрдам бўлими кўригидан ўтказилган. Тез-тиббий ёрдам бўлими маълумотномасига кўра фуқаро У.М.да “мастлик ҳолати ва чап юзида шилинган жароҳати” борлиги кўрсатилган.
LiveБарчаси