“Замминистр”ни ҳақорат қилган собиқ депутат Қобул Дўсовга суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

Бугун, 22 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида собиқ депутат Қобул Дўсовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси Сарвар Мамадиев раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилган.

"Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида тўпланган далиллар билан, яъни жабрланувчиларнинг аризаси, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга доир лингвистик экспертизалар хулосалари, ёзувлар скриншоти, Facebook  ижтимоий тармоғидаги “Кабул Дусов” номли профилни ва Telegram мессенжеридаги “Кобул Дусов | РАСМИЙ КАНАЛ” номли канални кўздан кечириш баённомаси, судга доир комплекс экспертизалар хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади", дейилади хабарда.

Суд ҳукмига мувофиқ Дўсов жабрланувчи (Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари) Фарҳод Боқиевга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 48-1-моддасига (озодликни чеклаш) асосан Дўсовга сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланиши ва унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланиши белгиланди.

Мазкур жиноят иши бўйича манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги тушунтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг