“Замдекан” талаба қизни зўрламоқчи бўлгани ростми?

Жамият

Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курсида таҳсил олувчи талаба қизга декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, ниятига етолмагач уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабар тарқалди. QALAMPIR.UZ ушбу ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида воқеа жойига борди.

Университет ректорати биносига келганимизда, ҳозир тушлик вақти эканлиги ва тушликдан сўнг, киришимиз мумкинлиги ҳақида айтишди. Аммо, орадан анча вақт ўтиб ҳам, киришимиз учун рухсат берилмади. 

Шу вазиятда университетнинг Ёшлар иттифоқи фаолидан воқеа айнан содир бўлган факультетга олиб боришини сўрадик. 

Бўлиб ўтган воқеа юзасидан факультетга келган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Раҳим Ҳакимов QALAMPIR.UZ сайтига воқеа нега орадан 9 кун ўтиб, оммага ошкор қилингани ҳақида изоҳ берди.

“Албатта, бу университет матбуот хизмати, нафақат матбуот хизмати, балки университет раҳбариятига нисбатан ҳам саволлар туғдиради. Чунки шундай катта фожиа бўляпти, бундан ҳеч ким хабар топмаяпти, жамоатчилик билмаяпти. Буни биринчи бўлиб университетнинг ўзи жамоатчиликка маълум қилиши керак эди. Бугунгача бизга бу маълумот берилмаганди. Воқеа бўйича вазирликдан, тегишли масъуллардан тушунтиришлар олиняпти. Уларга нисбатан, албатта, чора кўрилади. Аниқ баҳони тергов идоралари беради. Мен шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба қизларимизга нисбатан ҳар қандай тажовузга ёки камситишга тоқат қилолмайди”, дейди вазир ўринбосари.

Вазир ўринбосаридан сўнг, бу масалада факультет деканига ҳам юзландик ва талаба Муштарий Комилова таълим олаётган гуруҳнинг дарс жараёни онлайн тизимга ўтгани қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ҳақида сўрадик.

“Бу нотўғри хабар. Сабаби биз воқеа содир бўлган куннинг эртасига талабаларни йиғиб, гаплашганмиз. Буни улар ҳам тасдиқлаши мумкин. Улар рус гуруҳи бўлиб, ҳозирда 5 нафар талаба ўқийди. Беш нафар талабанинг биттаси Муштарий, қолган талабалар воқеадан стрессга тушишган, шу сабабли ўзларига келиб олишлари учун уларга икки кунлик таътил берилган эди. Онлайн таълим тизими ҳақида ҳеч қандай гап сўз йўқ. Ҳозирги кунда талабалар анъанавий тартибда ўқишни давом эттирмоқда. Ҳолат содир бўлган заҳоти ИИБ ходимларига хабар берилган ва улар бу ишни ўз назоратига олган. Дастлабки, тергов натижалари эълон қилинмагунича, биз ОАВ воситаларига маълумот бера олмасдик”, дейди факультет декани.

Суҳбат давомида Ҳаёт Қодиров Муштарий Комилова ҳақида ўз фикрини билдирди.

“У қиз ҳунарманд. Кўплаб танловларда иштирок этган ва совринли ўринларни эгаллаган. Мен бу факультетда бир йилдан буён декан лавозимида ишлаётган бўлсам, декан ўринбосари ҳақида ҳам, жабрланувчи ҳақида ҳам ножўя фикрлар эшитмаганман”, дейди у.

Ҳозирда Муштарий Комилованинг аҳволи қониқарли. Қиз шифохонада у бир қатор операцияларни бошдан ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланувчининг саломатлиги жиддий назоратга олинган. Унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиляпти ва муолажа жараёнлари давом этмоқда. 

Суриштирув давомида Университет матбуот котиби Сирожиддин Бўриев қуйидагича фикр билдирди.

"Албатта, бу эшиклар ортида нима бўлганини ҳозирча фақат жабрланувчи ва айбланувчининг фикрига таянибгина била оламиз. У вақтда дарс жараёнлари давом этаётган эди. Шовқин бўлганлиги учун ўқитувчиларимиз ва шу ерда юрган бошқа ходимларимиз воқеа жойига келганида, иш якунига етиб бўлган эди яъни қиз деразадан пастга йиқилган, декан ўринбосари эса, унга биринчи тез тиббий ёрдамини кўрсатган”, дейди университет матбуот котиби.

Суриштирув давомида,  Муштарийбону Комилованинг онаси билан боғланишга бир неча бор ҳаракат қилдик, аммо уринишлар бесамар кетди. QALAMPIR.UZ бу масала юзасидан суриштирув ишларини давом эттиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1837

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг