Z авлод ўзини энг бахтсиз ҳис қилмоқда – тадқиқот
Бу қизиқ
−
05 Ноябрь 15466 2 дақиқа
Z авлод тарихдаги энг бахтсиз авлод бўлиб чиқди. Гарвард ва Бэйлор университети олимлари 22 та мамлакатдан 200 мингдан ортиқ одамни ўрганиб, одатдаги “бахт эгри чизиғи” ўзгарганини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Fortune” журналида эълон қилинди.
Авваллари одамлар энг бахтли даврни ёшликда бошдан кечирган, кейин ҳаётдан қониқиш даражаси ўрта ёшда тушган, қариликда эса яна ошган. Энди бу боғлиқлик текисроқ кўринишга келди. Ёшлар қувонч ҳиссини эртароқ йўқотмоқда ва уни қайтариш учун узоқ вақт керак бўляпти.
Тадқиқот муаллифлари 18–29 ёшдаги инсонлар кўпроқ хавотир, депрессия, молиявий қийинчилик ва ҳаёт маъносининг йўқлигидан шикоят қилишини таъкидлаган. Кўпчилик ўзини ёлғиз, фойдасиз ва келажагига ишончсиз ҳис қилади.
“Бу жуда қўрқинчли манзара. Ёшлар фаровонлигига етарлича сармоя киритаяпмизми?” дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Гарвард Инсон тараққиёти дастури директори Тайлер Вандервил.
Олимлар Z авлоддаги хавотирни жамият босими, ноаниқлик, сиёсий можаролар ва доимий салбий хабарлар оқими билан боғлашмоқда. Респондентларнинг ярмидан кўпи ҳаётда мақсад кўрмаслигини, яна шунча одами пул борасида доимий ташвишда эканини тан олган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, агар бу тенденция давом этса, одамларнинг “бахтли ёш даври” ҳақидаги тасаввурни қайта кўриб чиқишга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025–2039 йиллар оралиғида туғилган болалар Бета авлод вакиллари сифатида тан олинганди. Бета авлод 2010-2024 йиллар оралиғида туғилган Альфа авлод ортидан келади. Ундан олдин – 1997-2010 йилларда туғилган Z авлод, 1981-1996 йилларда туғилган Y авлод ёки Миллениаллар мавжуд эди.
Моҳичеҳра Қадамова