“Юзимни ароқ ичиб кесиб ташлади”. Тошкентда сохта косметолог эр-хотинлар қўлга олинди
3-саҳифа
−
31 Январь 8206 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида сохта косметолог эр-хотинлар фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда “Ҳудуд” хабар берди.
Маълум бўлишича, эр-хотин косметологлар Чилонзор туманининг Арча кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг ертўласида юз терисида жарроҳлик амалиётларини ўтказиб келган.
Ўтказилган амалиётлардан жабрланган бир қанча аёллар тегишли органларга эр-хотин устидан шикоят қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Чиланзор туман судида эр-хотин косметологларга нисбатан жиноий иш кўриб чиқилган.
Судда қатнашган жабрланувчи аёлнинг гапларига кўра, косметолог эркак ичган ҳолатда уни юзини кесган. Жароҳат чуқурлигидан жудаям кўп қон оққан. Сўнгра эркак ишни хотинига ташлаб ўзи чиқиб кетган. Унинг хотини эса лазер билан кесилган жойни куйдиришга ҳаракат қилган. Кечқурун бошланган операция эрталабги соат олтигача давом этган. Шундан сўнг жабрланувчи аёл 5 кун кома ҳолатига тушиб қолган.
Мазкур ҳолат юзасидан косметолог эрга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 2 қисми “б”, “в”, “г” бандлари билан айбли деб топилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залида қамоққа олинган.
Унинг хотинига эса худди шу моддалар билан айблов қўйилиб, 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Чилонзор туманида косметолог бўлиб ишловчи аёл мижозининг юзига эҳтиётсизлик оқибатида тан жароҳати етказиб қўйгани учун жиноий жавобгарликка тортилганди.
Алиқулов Жавоҳир
Live
Барчаси