Юрак етишмовчилигини олдиндан айта оладиган мослама яратилди
Саломатлик
−
17 Декабрь 2022
9413Исроиллик тадқиқотчилар электрокардиография (ЭКГ) тестларини таҳлил қилиш ва юрак етишмовчилигини мисли кўрилмаган аниқлик билан башорат қилишга қодир сунъий интеллект воситасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Тimes of Israel” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, технология ҳозирда миозит (скелет мушакларининг яллиғланишли шикастланиши) билан оғриган беморларда қўлланмоқда. Сунъий интеллект модели 2000 ва 2020 йиллар оралиғида миозит билан оғриган 89 нафар беморнинг ЭКГ сканерлари ва тиббий ёзувлари маълумотларини ўрганган. У ЭКГдаги нозик белгиларни тушуна олади ва мумкин бўлган юрак етишмовчилигини олдиндан башорат қилади. Мосламани яратиш учун ўтказилган тадқиқот раҳбари Рамбам шифохонаси (Исроил) доктори Шаҳар Шеллининг айтишича, бу ускуна беморлар учун яратилган биринчи сунъий интеллектдир.
“Биз сунъий интеллект модели орқали ЭКГ тестларини ўтказмоқдамиз. У шифокорлар одатда аниқлай олмайдиган тафсилотларни кўради ва кимда юрак етишмовчилиги хавфи борлигини тахмин қилади. Кўпинча юрак дисфункциялари одамларнинг ўлимига олиб келишини ҳисобга олсак, бу инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин”, дейди доктор Шелли.
Таъкидлаш жоизки, ушбу моделдаги сунъий интеллектдан фойдаланиш беморларнинг тиббий аҳволи ёмонлашишидан олдин, касалликнинг дастлабки босқичдаёқ уни аниқлаш ва тегишли даволаш амалиётини ўтказиш имконини беради.
Маълумот ўрнида, ушбу тадқиқот давомида доктор Шелли ва унинг жамоаси АҚШдаги нуфузли Маyo Clinic тиббиёт марказининг кардиология бўлими тадқиқотчилари билан ҳамкорликда иш олиб борган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси