Юнусободдаги икки йилдан бери таъмири тугамаётган йўл чўкишни бошлади
3-саҳифа
−
15 Январь 2022
6353
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги автомобиль йўлининг чўккани акс этган сурат тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолат бўйича туман ҳокимлиги Матбуот котибидан расмий изоҳ олди.
Қайд этилишича, Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчасидаги автомобиль йўлининг 500 метр қисмида 40-50 смгача чўкиш ҳолати юзага келган. Шунинг учун ушбу ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилган.
Ўрганиш ишлари натижасида йўлнинг таъмирлаш ишлари ҳали якунига етказилмагани аниқланган.
“Бир неча йиллардан буён ортга сурилаётган йўл таъмирланиши бўйича тергов-суриштирув ишлари амалга оширилмоқда”, дейди ҳокимлик вакили.
Маълумот учун, Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасининг 556 метрлик қисми 10 ойда 7 марта таъмирлангани билан ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси мансабдорлари Аҳмад Дониш кўчасида автомобиль йўлининг чўкишида айбдор деб топилиб, уларга нисбатан “Мансабга совуққонлик билан қараш” бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ўшанда техник назорат талаб даражасида олиб борилмагани ҳамда автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари нотўғри лойиҳалаштирилгани чўкиш ҳолати юзага келишига сабаб бўлган. Бу орқали давлатга 4,5 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.
LiveБарчаси