ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган ҳайдовчи қамалди

Жамият

image

Кеча, 25 январь куни ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув акс этган видео тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ушбу ҳайдовчига нисбатан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берди.

Видео ўрганилганда, жорий йилнинг 25 январь куни белгиланган тақсимот асосида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Чоршанбе қўрғонида хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари томонидан соат 12:10 ларда, ушбу ҳудуддда жойлашган тиббиёт бирлашмаси биноси рўпарасида ҳаракатланиб келган, давлат рақам белгиси бўлмаган Cobalt русумли автомобиль тўхтатилган.

ЙПХ ходими меъёрий ҳужжатларини сўраган вақтида, ҳайдовчи ҳужжатлари йўқлигини маълум қилган.

ЙПХ ходими белгиланган тартибда чора кўриши зарурлигини айтган вақтида ҳайдовчи ходимларга қаршилик кўрсатган ва ўзаро тортишув сабаб атрофда фуқаролар тўпланишига сабаб бўлган.

Ҳайдовчи қаршилик кўрсатишда давом этиб, автомобилда воқеа жойидан кетиб қолган.

ЙПХ ходими белгиланган тартибга кўра, ЙҲХБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган. Билдирги асосида суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳайдовчи аниқланган ва унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судига юборилган.

Суд томонидан ҳайдовчи О.Х. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган дея топилиб, 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг