ЙПХ ходимини уриб кетган ўқувчи машинани “мойка”дан ўғирлаган

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 25 февраль куни 10 синф ўқувчиси BMWʼда йўл-патруль хизмати ходимини уриб кетганди. У бошқариб юрган BMW машиналарни ювиш шохобчасидан рухсатсиз олиб кетилган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Миробод туманида вояга етмаган шахс томонидан автомашина билан йўл-патруль хизмати инспектори уриб юборилгани ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Дастлабки тергов давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, 2010 йилда туғилган, вояга етмаган шахс мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, ўз тенгдошлари орасида Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўзини кўрсатиш, турли хил чет элда ишлаб чиқарилган автомашиналарни мақтаниб намойиш қилиш мақсадида автомашина овозини ноқонуний равишда кучайтириб, “мигалка” ва “сирена”лар ўрнатган ва ҳуқуқбузарликлар содир этиб келган.

Муқаддам ҳам автомашинани бошқариб, йўл-патруль хизмати ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмагани учун жорий йилнинг 9 январь куни унинг отаси суд қарорига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунга қарамасдан, тегишли хулоса чиқарилмай, ноқонуний ҳаракатлар давом эттирилган.

Хусусан, жорий йил 25 февраль куни соат 21:30 ларда танишининг опасига тегишли бўлган BMW русумли автомашина ювиш шохобчасида қолдирилганидан хабар топиб, тураргоҳда калити билан қолдирилган автомашинани ҳайдаб, олиб қочган.

Автомашинани бошқариш давомида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, Миробод тумани Нукус кўчасида ҳаракатланаётган вақтда, пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт оқимини тўхтатиш ҳақида ишора берган йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровнинг қонуний талабига бўйсунмаган.

Барча транспорт воситалари тўхтаган бўлишига қарамасдан, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомашина ҳужжатларига эга бўлмаган вояга етмаган ҳуқуқбузар жавобгарликдан қочиш мақсадида олди ва ён томонидаги автомашиналарни кескин айланиб ўтиб, авариявий ҳолат юзага келтирган ҳамда хизмат вазифасини бажараётган йўл-патруль хизмати ходимини автомашинаси билан уриб, унга ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказган ҳолда ҳаракатини давом эттирган.

Шифокорлар томонидан кўрсатилган барча зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, кеча, 27 февраль куни ходим вафот этган

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, автомашинани бошқарган вояга етмаган шахснинг ҳаракатларида транспорт воситасини олиб қочиш ҳамда жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш аломатлари мавжудлиги аниқланган. 

Шу муносабат билан у Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланувчи тариқасида жалб этилган.

Ҳозирда гумонланувчи вояга етмаган шахс Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган.

“Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, айбдор шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги қатъий таъминланади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

BMW мойка Хосилбек Эшназаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг