10-синф ўқувчиси BMW билан инспекторни уриб кетди: жиноят иши очилди
Crime
−
27 February 11283 2 minutes
Аввалроқ, Тошкент шаҳрида 10-синф ўқувчиси BMW билан йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 25 февраль куни соат 21:46 да 2010 йилда туғилган вояга етмаган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси BMW М4 русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, Миробод тумани Миробод кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборган. ЙПХ инспектори тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Айнан ушбу вояга етмаган шахс мактабда дарс қолдирганлиги учун унинг ота-онаси 2025 йилнинг 12 сентябрь куни профилактик суҳбат ўтказилган. Шунингдек ўз бошимчалик билан автомобиль бошқариб қўпол равишда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги сабаб жорий йилнинг 8 январь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси билан жавобгарликка тортилган.
Ушбу транспорт воситаси 2002 йилда туғилган А.Л.га тегишли бўлиб, бу шахс томонидан 2024 йилдан шу кунга қадар 18 марта транспорт воситаси бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга ҳайдаш учун берганлиги ҳамда қўшимча равишда 37 марта бошқа турдаги йўл ҳаракат қоидаларини қўпол равишда бузганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги вақтда Миробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят қўзғатилиб, дастлаб тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Lacetti ҳайдовчиси йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборганди.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August