Йоханнесбургда оммавий отишма содир бўлди. Ўнлаб қурбонлар бор
Олам
−
10 июн 3404 1 дақиқа
Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳридаги Кливленд ҳудудида содир бўлган оммавий отишма оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, яна 9 киши жароҳат олган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳодиса кеча, 9 июнь куни кечаси маҳаллий вақт билан тахминан 23:10 атрофида юз берган. Фавқулодда хизматлар “отишма давом этмоқда”, деган чақирувдан сўнг тезда воқеа жойига етиб борган.
Полиция баёнотида айтилишича, 10 дан ортиқ қуролланган шахс оқ рангли Toyota Quantum микроавтобуси орқали ҳудудга борган. Улар норасмий аҳоли пунктига икки кириш йўли орқали кириб, ичида турли нуқталарда аҳолига қарата ўқ узган, сўнгра ўша транспорт воситасида қочиб кетган.
Воқеа жойида 8 эркак ва 3 аёл ҳалок бўлган, яна бир эркак шифохонада вафот этган. Жароҳат олган 9 киши турли тиббий муассасаларга етказилган. Ҳозирча ҳужум сабаби аниқланмаган. Полиция гумонланувчиларни қидириш бўйича махсус операция бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Американинг Айова штати, Маскатин шаҳрида содир этилган отишма оқибатида олти киши ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси