Йирик миқдорда пора олган генерал-майор ва унинг шерикларига ҳукм ўқилди
Олам
−
18 Март 2020
21038Бугун, 18 март куни Россия тергов қўмитасининг (РТҚ) Москва бошқармаси собиқ раҳбари, адлия генерал-майори Aлександр Дримановга суд ҳукми ўқилди. Пора олганликда айбланган собиқ раҳбарга Москва шаҳар суди томонидан 12 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Судланувчига, шунингдек, 196 миллион рубль миқдорида жарима белгиланди. Бу ҳақда “Interfax” ёзмоқда.
Маълумотларга кўра, Дримановга етти йил давомида давлат лавозимларида ишлаш тақиқланди. Бундан ташқари, у генерал-майор унвонидан маҳрум қилинди.
Прокурор унга 16 йиллик қамоқ жазосини сўради.
РТҚнинг Идоралараро ҳамкорлик ва ички хавфсизлик департаментининг собиқ раҳбари Михаил Максименко ҳам порахўрликда айбланди ва унга 14 йиллик қамоқ жазоси ҳамда 250 миллион рубль жарима белгиланди. Бундан ташқари, Тергов қўмитасининг Москва Марказий округи бошқармасининг собиқ раҳбари Aлексей Крамаренко умрининг 10 йилини қамоқда ўтайдиган ва 195 миллион рубль жарима тўлайдиган бўлди. У адлия полковниги унвонидан маҳрум қилинди.
Прокуратура маълумотларига кўра, Дриманов, унинг биринчи муовини Денис Никандров, Крамаренко ва Максименко йирик жиноий гуруҳ аъзолари Aндрей Кочуйков (италиялик) ва унинг шериги Захар Калашовни (ёш Шакро) йирик пул эвазига тергов ҳибсхонасидан чиқариб юборишга ҳаракат қилган. “Италиялик” 2015 йилнинг декабрь ойида Москвадаги “Elements” ресторанида отишма содир этганиган сўнг, ҳибсга олинган эди.
Тергов жараёнида аниқланишича, зобитлар Максименко томонидан ташкил этилган гуруҳ таркибида ҳаракат қилган. Таъкидланишича, пора олди-берди миқдори 1 миллион долларни ташкил этган. Пуллар гуруҳ аъзолари орасида турлича тақсимланган.