Йил якунигача AI-80 бензинидан фойдаланиш чекланади
Жамият
−
08 Февраль
32262025 йил якунига қадар аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АI-80 маркали автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жорий йил 30 январдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг “Атроф- асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг охиригача AI-80 ёнилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш, аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этиш бўйича топшириқ берган. Фармон лойиҳасида “Евро-4” экологик стандартидан паст бўлган ёқилғини тўлиқ тақиқлаш ҳақида сўз боради. Шунингдек, жорий йил охирига қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилган, авария ва фавқулодда вазиятлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, фармон билан кенг жамоатчилик, халқаро ва маҳаллий экофаоллар, Экологик партия, Экология вазирлиги таклифларини ҳисобга олган ҳолда, 2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида қуйидаги йўналишлар бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланиши топширилган:
- асбест ва цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар ишлаб чиқариш;
- тери ошлаш ва паррандачилик фабрикалари;
- юқори самарали чанг тутувчи ва газ тозаловчи иншоотлар билан жиҳозланмаган ҳолда ҳар қандай турдаги кўмирни ёқиш;
- қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар ва заҳарли кимёвий моддалар мавжуд бўлган шиша ишлаб чиқариш;
- хавфлилик даражаси бўйича I ва II тоифага киритилган чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилги давлат дастури лойиҳасига Ўзбекистонда жорий йилда AI-80 маркали бензин сотилишини чеклаш масаласи қўйилган эди.